ЖурабекМаркетинг ва сунъий интеллект ҳақидаги блог
Маркетинг метрикалари: рекламани кўришдан қайтган мижозгача бўлган воронка
Аналитика10 дақиқа ўқиш

Маркетолог билиши шарт бўлган 20 та маркетинг метрикаси

CTR, CPC, ROAS, ROMI, CAC, LTV ва яна 14 та метрика: ҳар бири учун формула ва битта дўкон мисолида ҳисоб-китоб. Қайси метрикадан бошлашни ҳам билиб оласиз.

Ой охирида раҳбар сўрайди: “Рекламага 6 млн сўм сарфладик, бу пул қайтдими?” Сиз эса Instagram’даги лайклар ва кўришлар сонини кўрсатасиз. Шунда сизда бир савол туғилади: Мен ўзи қайси рақамларга қарашим керак? Сабаби: маркетинг метрикалари жуда кўп, лекин уларнинг ҳаммаси ҳам пул ҳақида гапирмайди.

Бу постда маркетолог билиши керак бўлган 20 та метрикани мижоз йўли бўйича гуруҳладим: рекламани кўриш, босиш, буюртма, пул ва қайтган мижоз. Ҳар бири учун формула, мисол ва унга қачон қараш кераклигини ҳақида ёзилган.

Мисоллар учун битта бизнесни мисол қилиб оламиз. Тошкентдаги онлайн кийим дўкони бир ойда Instagram’да 6 000 000 сўмлик реклама берди. Рақамлар ўйлаб топилган, лекин ҳисоб-китоблар тўғри.

Маркетинг метрикалари нима ва нега керак?

Маркетинг метрикалари — маркетинг қанчалик ишлаётганини кўрсатадиган рақамлар. Улар рекламани неча киши кўрганидан тортиб, битта мижоз қанча фойда келтирганигача ўлчайди. Метрикасиз маркетинг тахминга таянади: “менимча, Telegram яхши ишлаяпти”. Метрика бўлса, қайси каналга пул қўшиш ва қайси каналдан олиш кераклигини аниқ билиш мумкин.

KPI билан метрикани ҳам адаштирманг. Ҳар қандай ўлчанадиган кўрсаткич метрика ҳисобланади. KPI эса сиз мақсад қилиб танлаган ва натижаси учун жавоб берадиган 3–5 та метрика. Масалан, CTR оддий метрика, лекин “ойига 200 та лид, ҳар бири 40 000 сўмдан арзон” деган мақсад KPI бўлади.

Баъзи рақамлар чиройли кўринади, аммо қарор қабул қилишга ёрдам бермайди. Инглиз тилида уларни ванитй metrics дейишади. Обуначилар сони ва лайклар шундай: улар ўсиши мумкин, сотув эса жойида қолади. Агар маркетинг ҳақида тусунчангиз бўлмаса, маркетинг ўзи нима ва бизнесга нима учун керак деган постимни ўқиб чиқинг.

1–4. Қамров метрикалари: рекламани неча киши кўрди?

Аввало воронканинг энг тепасидан бошлаймиз. Қуйидаги тўрт метрика брендни қанча фойдаланувчи кўрганини кўрсатади, лекин улар сотиб олганини кўрсатмайди.

1. Кўришлар сони (impressions)

Реклама ёки пост экранда неча марта кўрсатилгани. Агар битта фойдаланувчи рекламани беш марта кўрса, бу беш кўриш ҳисобланади. Дўконимизда бир ойда 300 000 кўриш бўлди. Рақам катта, лекин бу метриканинг ўзи сотув ҳақида ҳеч бир маълумот бермайди. Уни бошқа метрикаларни ҳисоблашда ишлатасиз.

2. Қамров (reach)

Рекламани камида бир марта кўрган ноёб фойдаланувчилар сони. Дўкон мисолида қамров 100 000 киши. Демак, 300 000 кўриш 300 000 киши дегани эмас. Янги аудиторияга чиқмоқчи бўлсангиз, айнан қамровга қаранг.

3. Частота (frequency)

Битта фойдаланувчи рекламани ўртача неча марта кўргани: кўришлар ÷ қамров. Бизда 300 000 ÷ 100 000 = 3. Агар частота паст бўлса, реклама эсда қолмайди. Аксинча, жуда юқори частота фойдаланувчини зериктиради. Частота ўсиб бораётганда CTR тушса, креативни янгилаш вақти келган бўлади.

4. CPM (1000 кўриш нархи)

Рекламанинг ҳар 1000 кўриши учун тўланган пул: харажат ÷ кўришлар × 1000. Дўкон учун 6 000 000 ÷ 300 000 × 1000 = 20 000 сўм. CPM аудитория қанчалик “қиммат”лигини кўрсатади. Шу билан бирга аудиторияни жуда торайтирсангиз, CPM одатда ошади.

5–9. Жалб қилиш метрикалари: реклама қизиқиш уйғотдими?

Кўрган фойдаланувчи тўхтадими, рекламани босдими, сайтда қолдими? Бу гуруҳ реклама ва контент сифатини баҳолайди.

5. CTR (босиш даражаси)

Рекламани кўрганларнинг неча фоизи уни босгани: босишлар ÷ кўришлар × 100. Google Ads маълумотномасидаги мисолга кўра, 100 кўришдан 5 та босиш 5% CTR беради. Дўконда 3 000 босиш бўлди, яни CTR 1%. CTR паст бўлса, одатда расм, сарлавҳа ёки аудиторияда муаммо бор дегани.

6. CPC (битта босиш нархи)

Битта босиш учун ўртача қанча тўлаганингиз: харажат ÷ босишлар. Бизда 6 000 000 ÷ 3 000 = 2 000 сўм. CTR ошса, бир хил бюджетга кўпроқ ташриф оласиз. Бироқ арзон босиш ҳали мижоз дегани эмас, шунинг учун CPC’ни конверсия билан бирга кўриб чиқинг.

7. Сессиялар ва трафик манбалари

Сайтга неча марта кирилгани ва фойдаланувчилар қаердан келгани: Google қидируви, Instagram, Telegram ёки тўғридан-тўғри. Дўконда 3 000 босишдан сайтда 2 500 сессия қайд этилди: бундай фарқ одатий, чунки баъзи фойдаланувчилар саҳифа очилгунча чиқиб кетади. Бироқ фарқ жуда катта бўлса, сайт тезлигини ва аналитика кодини текширинг. Қидирувдан келадиган бепул трафик ҳақида SEO нима деган постда ёзганман.

8. Фаоллик даражаси (engagement rate, ER)

Ижтимоий тармоқда пост билан қанча фойдаланувчи мулоқот қилгани: (лайк + изоҳ + сақлаш + улашиш) ÷ қамров × 100. Масалан, пост 5 000 кишига етиб, 250 та реакция олса, ER 5% бўлади. Баъзи хизматлар ER’ни қамровга эмас, обуначилар сонига бўлиб ҳисоблайди. Шу сабабли битта ҳисоботда фақат битта усулдан фойдаланинг.

9. Жалб қилинган сессиялар ва рад этиш даражаси (bounce rate)

Google Analytics 4 сессияни уч ҳолатда “жалб қилинган” деб ҳисоблайди: у 10 сониядан узоқ давом этса, унда калит ҳодиса бўлса ёки камида 2 та саҳифа кўрилса. Рад этиш даражаси эса жалб қилинмаган сессиялар улуши. Дўконда 2 500 сессиядан 1 550 таси жалб қилинган: фаоллик 62%, рад этиш 38%. Рад этиш юқори бўлса, рекламадаги вада саҳифа мазмунига мос келмаётган бўлиши мумкин.

10–13. Конверсия метрикалари: қизиқиш буюртмага айландими?

Реклама харажати айнан шу босқичда мижозга айланади ёки беҳуда кетади. Шунинг учун бу тўрт метрикани ҳар ҳафта кузатинг.

10. Лидлар сони

Лид (потенсиал мижоз) — телефон рақамини қолдирган, Telegram’га ёзган ёки ариза тўлдирган потенсиал мижоз. У ҳали сотиб олмаган, лекин қизиқишини билдирган. Дўконга бир ойда 150 та лид келди. Ҳар бир лидни манбаси билан ёзиб боринг, акс ҳолда қайси реклама ишлаганини билиб бўлмайди.

11. CPL (битта лид нархи)

Формула оддий: харажат ÷ лидлар сони. Бизда 6 000 000 ÷ 150 = 40 000 сўм. CPL айниқса хизмат кўрсатувчи бизнеслар учун қулай: ўқув маркази, клиника, таъмирлаш устаси. Аммо арзон лид сифатсиз бўлиши ҳам мумкин. Шу боис CPL’ни лиднинг сотувга айланиши билан бирга баҳоланг.

12. Конверсия даражаси (CR)

Сайтга кирганларнинг неча фоизи керакли ҳаракатни қилгани: конверсиялар ÷ сессиялар × 100. Дўконда 2 500 сессиядан 60 та буюртма бўлди, CR 2,4%. Агар лидлар билан ишласангиз, иккинчи конверсияни ҳам ҳисобланг. Масалан, 150 лиддан 60 таси сотиб олди, демак лид → сотув конверсияси 40%. Бу рақам сотув бўлими қандай ишлаётганини кўрсатади.

13. CPA (битта конверсия нархи)

Формула: харажат ÷ конверсиялар. Бизда 6 000 000 ÷ 60 = 100 000 сўм, яни ҳар бир буюртма 100 000 сўмга тушди. CPA’ни ҳар бир буюртмадан қоладиган фойда билан солиштиринг. Агар фойда CPA’дан кам бўлса, мижоз қайта келмагунча ҳар бир сотув зарар келтиради.

14–17. Пул метрикалари: маркетинг ўзини оқладими?

Раҳбар ва бизнес эгаси асосан шу метрикаларни сўрайди, чунки улар реклама харажатини тушум ва фойда билан боғлайди.

14. Ўртача чек (AOV)

Битта буюртманинг ўртача суммаси: тушум ÷ буюртмалар сони. Дўкон рекламадан 24 000 000 сўм тушум олди, 60 та буюртма билан ўртача чек 400 000 сўм. Уни ошириш учун тўплам таклифи, қўшимча маҳсулот тавсияси ёки маълум суммадан бепул етказиб беришни синаб кўринг. Ўртача чек ошса, бир хил CPA билан кўпроқ фойда қолади.

15. ROAS (реклама харажатининг қайтими)

Рекламага сарфланган ҳар бир сўм қанча тушум келтиргани: рекламадан тушум ÷ реклама харажати. Дўконда 24 000 000 ÷ 6 000 000 = 4, яни ROAS 4 ёки 400%. Лекин ROAS фойдани эмас, тушумни ҳисоблайди. Масалан, маржа 25% бўлса, ROAS 4 фақат реклама харажатини қоплайди. Зарарсизлик нуқтасидаги ROAS’ни топиш учун 1 ни маржага бўлинг: 1 ÷ 0,25 = 4.

16. ROMI (маркетинг инвестициясининг қайтими)

ROMI фойдани ўлчайди: (маркетингдан келган ялпи фойда − маркетинг харажати) ÷ маркетинг харажати × 100. Дўконнинг маржаси 40%, демак 24 000 000 сўм тушумдан 9 600 000 сўм ялпи фойда қолди. Кампания ROMI’си: (9 600 000 − 6 000 000) ÷ 6 000 000 × 100 = 60%. ROMI нолдан паст бўлса, кампания ўзини оқламаган. Чегирма маржани қанчалик камайтиришини 11.11 чегирмалари ҳақидаги постда ҳисоблаб кўрсатганман.

Маркетинг метрикалари: ROAS ва ROMI фарқи, битта кампанияда ROAS 4 (400%) ва ROMI 60%

17. CAC (янги мижозни жалб қилиш нархи)

Битта янги мижозни олиб келиш учун кетган барча харажат: маркетинг ва сотув харажатлари ÷ янги мижозлар сони. CPA’дан фарқи шундаки, CAC’га фақат реклама эмас, SMM мутахассис маоши, дизайн ва сотув менежери ҳам киради. Дўконда рекламага 6 млн, SMM мутахассисга 4 млн сўм кетди, 60 харидордан 50 таси янги. Натижада CAC = 10 000 000 ÷ 50 = 200 000 сўм.

18–20. Мижоз метрикалари: харидор қайтяптими?

Кўп бизнеслар шу гуруҳни унутади. Ҳолбуки эски мижозни қайтариш кўпинча янгисини топишдан арзонроққа тушади.

18. LTV (мижознинг умрбод қиймати)

Битта мижоз сиз билан ишлаган бутун даврда келтирадиган фойда. Оддий формула: ўртача чек × йилига харидлар сони × йиллар сони × маржа. Дўкон мижози йилига 3 марта, 2 йил давомида харид қилади: 400 000 × 3 × 2 × 0,4 = 960 000 сўм. Кейин LTV’ни CAC билан солиштиринг: 960 000 ÷ 200 000 = 4,8. Кўп маркетологлар 3:1 нисбатни энг паст чегара деб олади.

19. Мижозни ушлаб қолиш даражаси (retention) ва churn

Маълум даврда харид қилган мижозларнинг қанчаси кейинги даврда яна қайтгани. Дўконда реклама ойидаги 60 харидордан 18 таси кейинги 3 ой ичида яна буюртма берди: retention 30%. Обунага асосланган бизнесда, масалан ўқув маркази ёки фитнес клубда, тескари кўрсаткич ҳам кузатилади. Churn кетиб қолган мижозлар улушини билдиради: retention 70% бўлса, churn 30%.

20. NPS (тавсия индекси)

Мижозга битта савол берилади: “Бизни дўстингизга тавсия қилиш эҳтимоли 0 дан 10 гача қанча?” 9–10 баҳо берганлар тавсия қилувчилар, 0–6 берганлар эса норозилар ҳисобланади. Bain & Company формуласи: NPS = тавсия қилувчилар фоизи − норозилар фоизи. Масалан, 200 жавобдан 110 таси 9–10 (55%), 30 таси 0–6 (15%) бўлса, NPS 40 га тенг. Мижозлар асосан таниш-билиш орқали келадиган бизнесда бу рақамни мунтазам кузатиш фойдали.

Маркетинг метрикалари битта жадвалда

Қуйидаги жадвални сақлаб қўйинг: формулалар ва дўкон мисолидаги натижалар бир жойда.

Метрика

Формула

Мисол

Кўришлар сони

Реклама неча марта кўрсатилган

300 000

Қамров

Камида бир марта кўрган ноёб фойдаланувчилар

100 000

Частота

Кўришлар ÷ қамров

3

CPM

Харажат ÷ кўришлар × 1000

20 000 сўм

CTR

Босишлар ÷ кўришлар × 100

1%

CPC

Харажат ÷ босишлар

2 000 сўм

Сессиялар

Сайтга ташрифлар сони

2 500

ER

Реакциялар ÷ қамров × 100

5% (битта пост)

Рад этиш даражаси

Жалб қилинмаган сессиялар ÷ барча сессиялар × 100

38%

Лидлар сони

Контакт қолдирган фойдаланувчилар

150

CPL

Харажат ÷ лидлар

40 000 сўм

CR

Конверсиялар ÷ сессиялар × 100

2,4%

CPA

Харажат ÷ конверсиялар

100 000 сўм

Ўртача чек

Тушум ÷ буюртмалар

400 000 сўм

ROAS

Тушум ÷ реклама харажати

4 (400%)

ROMI

(Ялпи фойда − харажат) ÷ харажат × 100

60%

CAC

Маркетинг ва сотув харажатлари ÷ янги мижозлар

200 000 сўм

LTV

Ўртача чек × йилига харидлар × йиллар × маржа

960 000 сўм

Retention

Қайтган мижозлар ÷ давр бошидаги мижозлар × 100

30%

NPS

Тавсия қилувчилар % − норозилар %

40

Ўзбекистонда маркетинг метрикаларини ўлчаш: нимага эътибор бериш керак?

Формулалар ҳамма жойда бир хил. Лекин Ўзбекистонда маълумот йиғишнинг ўзига хос қийинчиликлари бор.

  • Сотув сайтдан ташқарида бўлади. Кўп буюртма Telegram, Instagram Direct ёки телефон орқали келади, Google Analytics эса уларни кўрмайди. Шунинг учун ҳар бир лидни CRM’га (amoCRM, Bitrix24) ёки оддий Google Sheets жадвалига манбаси билан ёзинг.

  • “Бизни қаердан топдингиз?” саволи. Оператор ёки сотувчи бу саволни ҳар бир мижозга берсин. Айниқса Telegram канал ва танишлар тавсиясидан келганларни фақат шу йўл билан ажратиш мумкин.

  • UTM белгилар. Instagram био, Telegram пост ва рекламадаги ҳар бир ҳаволага UTM қўшинг. Шунда GA4 ёки Yandex Metrika трафикни каналлар бўйича тўғри ажратади.

  • Валюта фарқи. Meta ва Google рекламаси учун тўлов кўпинча долларда бўлади, сотув эса сўмда. Демак, ROAS ва ROMI’ни ҳисоблашда харажатни битта курс билан сўмга ўтказинг.

  • Маркетплейс маълумоти. Uzum Market’да сотсангиз, буюртмалар сотувчи кабинетида туради. Ташқи реклама харажатини у ердаги сотув билан алоҳида жадвалда солиштиринг.

Қайси маркетинг метрикаларидан бошлаш керак?

20 та метрикани бирданига кузатиш шарт эмас. Аввал бизнес мақсадини аниқланг, кейин унга мос 3–5 та метрикани танланг.

Мақсад

Асосий метрикалар

Брендни танитиш

Қамров, частота, CPM

Хизмат учун лид йиғиш

CPL, лид → сотув конверсияси, CAC

Онлайн сотув

CR, CPA, ROAS, ROMI

Доимий мижоз базаси

Retention, LTV, NPS

Кейин қуйидаги тартибда ишланг:

1.     Мақсадни рақам билан ёзинг: масалан, “ойига 100 та буюртма, ROMI 30% дан юқори”.

2.     Ҳар ҳафта битта жадвалга харажат, босишлар, лидлар, буюртмалар ва тушумни киритинг.

3.     Бир вақтда фақат битта нарсани ўзгартиринг: креатив, аудитория ёки нархни. Акс ҳолда қайси ўзгариш таъсир қилганини билиб бўлмайди.

4.     Ой охирида каналларни CAC ва ROMI бўйича солиштиринг, бюджетни яхши ишлаган каналга ўтказинг.

Аслида реклама кабинетида ишлаш билан натижани ўқий олиш бошқа-бошқа кўникма. Бу фарқ ҳақида таргет реклама ёқишни билган одам диджитал маркетолог ҳисобланадими деган постда ёзганман.

Якуний фикр

Метрикаларнинг ҳаммаси битта занжирга боғланган: кўриш босишга, босиш лидга, лид буюртмага, буюртма эса қайтган мижозга айланади. Битта бўғин узилса, кейинги рақамлар ҳам тушади. Шунинг учун натижа ёмон бўлса, занжирни тепадан пастга текшириб, бўш бўғинни топинг.

Қисқаси, лайкларни санашда давом этинг. Лекин ойлик ҳисоботни ROMI ва CAC билан якунланг. Раҳбарнинг “пул қайтдими?” деган саволига айнан шу икки рақам жавоб беради.

Кўп бериладиган саволлар

Маркетинг метрикалари нима?

Маркетинг метрикалари маркетинг натижасини ўлчайдиган рақамлар: қамров, CTR, конверсия даражаси, ROAS, CAC, LTV ва бошқалар. Улар қайси канал ишлаётганини ва рекламага сарфланган пул қайтаётганини кўрсатади.

ROAS ва ROMI фарқи нимада?

ROAS рекламадан келган тушумни реклама харажатига бўлади. ROMI эса фойдани ҳисоблайди: ялпи фойдадан харажатни айириб, харажатга бўлади. Ҳатто ROAS юқори бўлса ҳам, маржа паст бўлса, ROMI манфий чиқиши мумкин.

Яхши CTR қанча бўлиши керак?

Ҳамма учун битта тўғри рақам йўқ. Google ҳам яхши CTR нима реклама қилаётганингиз ва қайси тармоқда эканига боғлиқ дейди. Шунинг учун ўз CTR’ингизни ўтган ой билан ва бир кампаниядаги турли рекламалар билан солиштиринг.

Кичик бизнес қайси метрикаларни кузатиши керак?

Бошлаш учун бешта метрика етарли: CPC, CPL ёки CR, CPA, ROAS ва CAC. Кейин, мижозлар қайта харид қила бошлаганда, retention ва LTV’ни қўшинг.

Маркетинг метрикаларини қайси дастурда кузатиш мумкин?

Реклама метрикалари Meta Ads Manager ва Google Ads кабинетида кўринади. Сайт учун Google Analytics 4 ёки Yandex Metrika ишлатилади. Лидлар ва сотувни CRM’да ёки Google Sheets жадвалида юритиш мумкин.

#аналитика#CAC#KPI#LTV#маркетинг метрикалари#ROAS#ROMI
Постни улашинг

Маркетинг12 дақиқа ўқиш

ГТА 6 қандай қилиб бутун дунёни ўзи ҳақида гапиртирди?

Rockstar GTA 6 чиқишидан олдин 32,5 миллион нусха сотди, биринчи кунда эса савдо ҳажми 3,79 миллиард долларга етди. Бу натижага маркетинг орқали қандай эришилганини ва бизнеслар нимани ўрганиши мумкинлигини таҳлил қиламиз.

Батафсил ўқиш →
Маркетинг15 дақиқа ўқиш

Маркетинг стратегияси ва маркетинг режаси: нима ва қандай тузилади?

Маркетинг стратегияси бизнес қаерга ва қандай боришини белгилайди. Маркетинг режаси эса бунинг учун бажариладиган ишларни кўрсатади. Ушбу мақолада иккаласини амалий мисоллар билан кўриб чиқамиз.

Батафсил ўқиш →