Маркетинг стратегияси ва маркетинг режаси: нима ва қандай тузилади?
Маркетинг стратегияси бизнес қаерга ва қандай боришини белгилайди. Маркетинг режаси эса бунинг учун бажариладиган ишларни кўрсатади. Ушбу мақолада иккаласини амалий мисоллар билан кўриб чиқамиз.
Тасаввур қилинг, Тошкентда янги ўқув маркази очдингиз. Маркетинг учун ойига 20 миллион сўм ажратдингиз. SMM мутахассисини топдингиз, Instagram'да реклама бошладингиз, Telegram каналлардан реклама сотиб олдингиз.
Бир ой ўтди. Instagram'да обуначилар кўпайди, видеолар минглаб кўришлар олди. Лекин янги ўқувчилар сони деярли ўзгармади.
Муаммо қаерда?
Эҳтимол, реклама яхши ишлагандир. Лекин реклама бошлашдан олдин кимни жалб қилмоқчи эканингизни, нима таклиф қилишингизни ва қандай натижа кутаётганингизни аниқ белгиламагансиз.

Айнан шу ерда маркетинг стратегияси ва маркетинг режаси керак бўлади.
Маркетинг стратегияси нима?
Маркетинг стратегияси — бизнеснинг мижозларни жалб қилиш, рақобатчилардан ажралиб туриш ва бозорда ўз мақсадларига эришиш учун танлаган ёндашуви.
Содда қилиб айтганда, маркетинг стратегияси қуйидаги саволларга жавоб беради:
Бизнинг мижозимиз ким?
Унга нима керак?
Нега у айнан бизни танлаши керак?
Рақобатчилардан қандай фарқ қиламиз?
Қандай қилиб янги мижозларни жалб қиламиз?
Мавжуд мижозларни қандай сақлаб қоламиз?
Маркетинг орқали қандай бизнес натижасига эришмоқчимиз?
Маркетинг стратегияси фақат реклама ҳақида эмас. У маҳсулот, нарх, хизмат кўрсатиш, бренд, савдо каналлари ва мижоз тажрибасини ҳам қамраб олиши мумкин.
Бу мавзуни яхшироқ тушуниш учун аввал маркетинг нима ва бизнесга нима учун керак деган мақолани ўқиб чиқишингиз мумкин.
Маркетинг стратегиясига оддий мисол
Тошкентда иккита қаҳвахона бор деб тасаввур қилайлик.
Биринчи қаҳвахона тез хизмат кўрсатиш ва ҳамёнбоп нархларга эътибор беради. Унинг асосий мижозлари эрталаб ишга кетаётган одамлар ва талабалар.
Иккинчи қаҳвахона эса сифатли қаҳва, чиройли интерер ва тинч муҳитни таклиф қилади. У ерга одамлар дўстлари билан учрашиш ёки ноутбукда ишлаш учун келади.
Иккаласи ҳам қаҳва сотади. Лекин маркетинг стратегиялари бир-биридан фарқ қилади.
Биринчисида нарх, жойлашув ва хизмат тезлиги муҳим. Иккинчисида эса муҳит, сифат ва мижоз тажрибаси устувор.
Шунга қараб уларнинг реклама матнлари, нархлари, интерери ва ҳатто менюси ҳам бошқача бўлади.
Маркетинг режаси нима?
Маркетинг режаси — маркетинг стратегиясини амалга ошириш учун бажариладиган ишлар, муддатлар, буджет, масъул ходимлар ва кутилаётган натижалар белгиланган ҳужжат.
Стратегиянгиз тайёр. Энди уни қандай амалга оширасиз?
Қайси реклама каналидан фойдаланасиз? Қанча пул сарфлайсиз? Контентни ким тайёрлайди? Натижани қачон текширасиз?
Маркетинг режаси мана шу саволларга жавоб беради.
Масалан, қаҳвахонангизга эрталаб ишга кетаётган одамларни жалб қилмоқчисиз.
Маркетинг режангизда қуйидаги ишлар бўлиши мумкин:
Яқин атрофдаги офислар ходимлари учун эрталабки таклиф тайёрлаш.
Google Maps ва Yandex Maps'даги маълумотларни янгилаш.
Қаҳвахона атрофидаги ҳудудга Instagram рекламасини йўналтириш.
Доимий мижозлар учун бонус тизимини жорий қилиш.
Эрталабки буюртмалар сонини ҳар ҳафта кузатиб бориш.
Булар стратегияни амалга ошириш учун бажариладиган аниқ ишлар.
Маркетинг стратегияси ва маркетинг режаси ўртасидаги фарқ
Бу икки тушунча бир-бирига яқин. Ҳатто айрим компанияларда маркетинг стратегияси ва маркетинг режаси битта ҳужжатда бўлади.
Лекин уларнинг вазифаси бошқача.

Маркетинг стратегияси | Маркетинг режаси |
|---|---|
Қаерга ва қандай борамиз? | Бунинг учун нима қиламиз? |
Бизнеснинг бозордаги йўналиши | Бажариладиган аниқ ишлар |
Мижоз ва рақобатчиларга эътибор | Вазифа, муддат ва буджетга эътибор |
Одатда узоқроқ муддатга тузилади | Ойлик, чораклик ёки йиллик бўлиши мумкин |
Устувор йўналишларни белгилайди | Шу йўналишлардаги ишларни тартибга солади |
Масалан, онлайн косметика дўконининг стратегияси мижозларни оригинал маҳсулотлар, қулай етказиб бериш ва ишончли хизмат орқали жалб қилиш бўлиши мумкин.
Маркетинг режаси эса маҳсулот шарҳларини тайёрлаш, Google Ads кампанияларини бошлаш, Instagram'да реклама бериш ва мавжуд мижозларга шахсий таклифлар юбориш каби ишлардан иборат бўлади.
Стратегия бўлмаса, маркетинг режаси бир-бирига боғланмаган вазифалар рўйхатига айланиб қолиши мумкин.
Маркетинг стратегиясини қандай тузиш керак?
Маркетинг стратегиясини тузиш реклама каналларини танлашдан бошланмайди. Аввал бизнеснинг ҳозирги ҳолатини тушуниб олиш керак.

1. Бизнеснинг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилинг
Маркетинг стратегиясини яратишдан олдин сиз қандай вазиятда эканлигингизни аниқланг.
Қуйидаги саволларга жавоб топинг:
Бизнес қанча даромад олмоқда?
Қайси маҳсулотлар кўпроқ сотилмоқда?
Қайси маҳсулотлар кўпроқ фойда келтирмоқда?
Мижозлар қаердан келмоқда?
Янги мижозни жалб қилиш қанча турмоқда?
Мижозлар такроран харид қилишяптими?
Сотув жараёнида қандай муаммолар бор?
Бу маълумотларни CRM тизими, савдо ҳисоботлари, Google Analytics, реклама платформалари ёки мижозлар билан суҳбатлар орқали йиғиш мумкин.
Агар бизнес эндигина очилаётган бўлса, тарихий маълумотлар бўлмаслиги табиий. Бундай ҳолатда бозор тадқиқоти, потенсиал мижозлар билан суҳбат ва кичик тестлардан бошлаш керак.
Мақсад — тахминларга имкон қадар камроқ таяниш.
2. Маркетинг мақсадини белгиланг
«Бизнесни ривожлантириш» маркетинг мақсади сифатида жуда умумий.
Бизнеснинг қайси томонини ривожлантирмоқчисиз?
Янги мижозлар сонини оширишми? Мавжуд мижозлардан кўпроқ даромад олишми? Янги маҳсулотни бозорга чиқаришми?
Мақсад аниқ бўлса, маркетинг самарадорлигини баҳолаш ҳам осонлашади.
Масалан:
Умумий мақсад | Аниқ мақсад |
|---|---|
Сотувни ошириш | 3 ойда ойлик буюртмалар сонини 1 000 тадан 1 200 тага етказиш |
Кўпроқ мижоз жалб қилиш | Ойига 300 та янги харидор жалб қилиш |
Мижозларни сақлаб қолиш | 90 кун ичида такрорий харид даражасини 25 фоиздан 35 фоизга ошириш |
Сайтни ривожлантириш | 6 ойда Google орқали келадиган органик трафикни 30 фоизга ошириш |
Мақсад белгилашда СМАРТ моделидан фойдаланиш мумкин. Унга кўра мақсад аниқ, ўлчанадиган, эришиш мумкин бўлган, бизнесга мос ва маълум муддат билан чегараланган бўлиши керак.
Яна бир муҳим жиҳат: мақсад бизнеснинг имкониятларига мос бўлиши керак.
Агар бизнес ойига 1 000 та буюртмани зўрға етказиб бераётган бўлса, маркетинг орқали буюртмаларни бирданига уч баробар ошириш янги муаммолар келтириб чиқариши мумкин.
3. Бозор ва рақобатчиларни ўрганинг
Рақобатчиларни таҳлил қилиш деганда фақат уларнинг Instagram саҳифаларига қарашни тушунмаслик керак.
Улар қандай маҳсулот сотади? Нархлари қанча? Мижозлар уларни нима учун танлайди? Қандай камчиликларидан шикоят қилади?
Таҳлил учун қуйидаги жадвалдан фойдаланиш мумкин.
Мезон | Бизнесингиз | Рақобатчи А | Рақобатчи Б |
|---|---|---|---|
Маҳсулот ассортименти | |||
Нархлар | |||
Етказиб бериш | |||
Хизмат сифати | |||
Мижозлар фикри | |||
Маркетинг каналлари | |||
Содиқлик дастури | |||
Кучли томонлари | |||
Заиф томонлари |
Маълумотларни рақобатчиларнинг сайтлари, ижтимоий тармоқлари, Google Maps'даги шарҳлари ва бошқа очиқ манбалардан йиғиш мумкин.
Google Trends ва Google Keyword Planner каби воситалар ҳам айрим мавзуларга бўлган талабни ўрганишда ёрдам беради.
Лекин рақобатчи қандай иш қилаётганини билишнинг ўзи етарли эмас. Нега у айнан шундай иш қилаётганини ва бу унга қандай натижа бераётганини тушуниш муҳим.
Рақобатчининг ҳар бир қарори тўғри бўлиши шарт эмас.
4. SWOT таҳлилини ўтказинг
SWOT — бизнеснинг кучли ва заиф томонларини, ташқи имкониятлари ҳамда хавфларини таҳлил қилиш усули.
SWOT тўртта қисмдан иборат:
Стренгтҳс — кучли томонлар.
Weaknesses — заиф томонлар.
Оппортунитиэс — имкониятлар.
Тҳреатс — хавфлар.
Масалан, косметика дўкони учун SWOT таҳлили қуйидагича бўлиши мумкин.

Кучли томонлар | Заиф томонлар |
|---|---|
Оригинал маҳсулотлар | Сайтда харид қилиш жараёни мураккаб |
Кенг ассортимент | Етказиб бериш секин |
Доимий мижозлар базаси | Бренд айрим ҳудудларда танилмаган |
Имкониятлар | Хавфлар |
|---|---|
Янги ҳудудларга чиқиш | Янги рақобатчилар |
Онлайн савдони ривожлантириш | Импорт харажатларининг ошиши |
Янги брендларни ассортиментга қўшиш | Сохта маҳсулотларнинг кўпайиши |
SWOT таҳлили фақат жадвал тўлдириш учун қилинмайди. Ундаги хулосалар кейинги қарорларингизга таъсир қилиши керак.
Масалан, сайтда буюртма бериш жараёни мураккаб бўлса, реклама буджетини оширишдан олдин шу муаммони ҳал қилиш фойдалироқ бўлиши мумкин.
5. Мақсадли аудиторияни аниқланг
«Бизнинг мижозларимиз 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва аёллар».
Бундай аудитория тавсифи маркетинг қарорларини қабул қилишда унчалик ёрдам бермайди.
Чунки 18 ёшли талаба билан 45 ёшли тадбиркорнинг эҳтиёжлари, даромади ва харид қилиш сабаблари бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
Маркетингда STP модели мавжуд:
Segmentation — бозорни гуруҳларга ажратиш.
Таргетинг — устувор мижоз гуруҳларини танлаш.
Поситионинг — шу мижозлар онгида бренд учун аниқ ўрин яратиш.
Масалан, инглиз тили ўқув марказининг потенсиал мижозлари қуйидагича бўлиши мумкин:
Мижоз сегменти | Асосий эҳтиёж |
|---|---|
Мактаб ўқувчилари | Тил ўрганиш ва имтиҳонларга тайёрланиш |
Талабалар | IELTS сертификатини олиш |
Ишлайдиган мутахассислар | Карера ва халқаро иш имкониятлари |
Хорижда ўқимоқчи бўлганлар | Керакли тил даражасига эришиш |
Ҳамма сегментга бир хил реклама кўрсатиш шарт эмас.
Талабага IELTS'дан юқори балл олиш муҳим бўлса, ишлайдиган мутахассис учун дарсларнинг иш вақтидан кейин бўлиши муҳимроқ бўлиши мумкин.
Сегментларни аниқлашда фақат демографик маълумотларга эмас, мижозларнинг хатти-ҳаракатлари ва эҳтиёжларига ҳам эътибор беринг.
6. Бренднинг позициясини белгиланг
Позициялаш — мижоз сизнинг брендингизни рақобатчиларга нисбатан қандай қабул қилишини белгилашга қаратилган стратегик ёндашув.
Сиз бозорда энг ҳамёнбоп бренд бўлмоқчимисиз? Премиум хизмат кўрсатасизми? Энг тез етказиб берасизми? Ёки аниқ бир мижоз гуруҳига ихтисослашганмисиз?
Буни аниқлаш керак.
Масалан, иккита етказиб бериш хизмати бор:
Биринчиси — арзон етказиб беришга эътибор беради.
Иккинчиси — тезлик ва қулайликка эътибор беради.
Уларнинг нархлари, рекламалари ва хизмат кўрсатиш жараёнлари турлича бўлиши табиий.
Позициялашни қуйидаги формула асосида ёзиб кўришингиз мумкин:
Биз [мақсадли аудитория] учун [асосий эҳтиёж]ни [рақобатчилардан фарқ қилувчи ечим] орқали ҳал қиламиз.
Масалан:
Биз иш билан банд бўлган мутахассислар учун инглиз тилини кечки вақтда, кичик гуруҳларда ва мослашувчан дарс жадвали орқали ўргатамиз.
Бу ҳали реклама шиори эмас. Лекин маркетинг қарорларини қабул қилиш учун яхши асос.
7. Маркетинг комплексини шакллантиринг
Маркетинг стратегиясини тузишда энг кўп ишлатиладиган моделлардан бири — 4P.

Элемент | Асосий савол |
|---|---|
Product — маҳсулот | Мижозга нима таклиф қиламиз? |
Price — нарх | Қанча нархда сотамиз? |
Place — тарқатиш | Мижоз маҳсулотни қаердан сотиб олади? |
Promotion — тарғибот | Мижоз маҳсулот ҳақида қандай билади? |
Хизмат кўрсатадиган бизнесларда 7P модели ҳам ишлатилади. Унга Пеопле (ходимлар), Process (жараён) ва Physical Evidence (хизмат сифатини кўрсатувчи моддий далиллар) қўшилади.
Нега бу модел керак?
Чунки бизнеснинг муаммоси ҳар доим ҳам рекламада бўлмайди.
Масалан, реклама орқали 100 та потенсиал мижоз олиб келдингиз. Лекин сотув бўлими қўнғироқларга кеч жавоб бергани учун фақат биттаси харид қилди.
Бундай вазиятда рекламани ўзгартиришдан кўра, сотув жараёнини яхшилаш кўпроқ фойда келтириши мумкин.
8. Маркетинг каналларини танланг
Энди реклама ва коммуникация каналларини танлаш мумкин.
Канал | Қайси вазиятда фойдали? |
|---|---|
Google Ads | Маҳсулот ёки хизматни фаол қидираётган мижозларга чиқиш |
Meta Ads | Янги аудиторияни жалб қилиш ва маҳсулотни таништириш |
SEO | Қидирув тизимлари орқали узоқ муддатли трафик олиш |
Telegram | Аудитория билан алоқа ва маҳсулотларни тарғиб қилиш |
CRM маркетинг | Мавжуд мижозларни сақлаш ва такрорий харидларни ошириш |
Ташқи реклама | Маҳаллий аудитория орасида бренд танилишини ошириш |
Ҳамкорлик дастурлари | Бошқа бизнесларнинг аудиториясига чиқиш |
Instagram машҳур бўлгани учун ҳамма бизнес Instagram'да реклама бериши шарт эмас.
Масалан, одамлар шошилинч сантехник хизматини кўпроқ қидирув орқали излашлари мумкин. Кийим дўкони эса визуал контент орқали янги аудиторияни жалб қилиш имкониятига эга.
Канал танлашда мижознинг харид қилиш жараёни, буджет, маҳсулот тури ва канал орқали эришиш мумкин бўлган натижаларни ҳисобга олинг.
Бу ҳақда анъанавий маркетинг ва диджитал маркетинг фарқи мақоласида ҳам батафсил ёзганман.
Маркетинг режасини қандай тузиш керак?
Стратегия тайёр бўлгач, уни амалга ошириш учун аниқ вазифаларни белгилаш керак.
Маркетинг режасида ҳар бир вазифа бўйича камида бешта нарса кўрсатилиши мақсадга мувофиқ:
Нима қилинади?
Нима учун қилинади?
Ким бажаради?
Қачон бажарилади?
Натижа қандай ўлчанади?
Маркетинг режаси намунаси
Тасаввур қилайлик, онлайн дўконнинг мақсади кейинги чоракда янги мижозлар сонини ошириш.
Вазифа | Муддат | Масъул | KPI |
|---|---|---|---|
Сайтдаги харид жараёнини таҳлил қилиш | 1-ҳафта | Веб-аналитик | Муаммолар рўйхати |
Google Search рекламаларини бошлаш | 2-ҳафта | PPC мутахассиси | Харидлар, CPA |
Маҳсулот видеоларини тайёрлаш | Ҳар ҳафта | Контент жамоаси | Тайёрланган видеолар |
Meta Ads кампанияларини синаш | 2–4-ҳафта | Таргетолог | Янги мижозлар, CAC |
Саватни тарк этган мижозларга хабар юбориш | 3-ҳафта | CRM мутахассиси | Тикланган буюртмалар |
Маркетинг натижаларини таҳлил қилиш | Ҳар ой | Маркетолог | Даромад, харажат, ROI |
Бундай режа орқали жамоанинг ҳар бир аъзоси нима қилиши ва нима учун қилаётганини тушунади.
Маркетинг режаси Excel, Google Sheets, Notion ёки бошқа лойиҳа бошқаруви воситасида юритилиши мумкин.
Қайси дастурдан фойдаланишингиз иккинчи даражали масала. Муҳими, режа мунтазам янгиланиб туриши ва жамоа ундан фойдаланиши.
Маркетинг буджетини қандай ҳисоблаш керак?
Кўпчилик маркетинг буджетини белгилашда даромаднинг маълум фоизини ажратади. Масалан, 5 ёки 10 фоиз.
Бундай ёндашув бошланғич нуқта бўлиши мумкин. Лекин ҳамма бизнес учун бир хил фоиз ишламайди.
Буджетни бизнес мақсадлари, маҳсулотнинг маржаси ва янги мижозни жалб қилиш харажатлари асосида ҳисоблаш фойдалироқ.
Масалан, қуйидаги кўрсаткичларга эга онлайн дўконни олайлик:
Ойига жалб қилиниши керак бўлган янги мижозлар: 200 та.
Бир мижозни жалб қилиш учун режалаштирилган харажат: 50 000 сўм.
Янги мижозларни жалб қилиш учун керакли буджет: 10 миллион сўм.
Аммо 50 000 сўмлик CAC бизнес учун фойдалими?
Агар битта янги мижознинг биринчи харидидан маҳсулот таннархи ва бошқа ўзгарувчан харажатлар чиқарилгач 70 000 сўм қолса, мижозни жалб қилиш харажатидан кейин 20 000 сўм қолади.
Агар атиги 30 000 сўм қолса, биринчи хариднинг ўзидаёқ мижозни жалб қилиш харажати қопланмайди.
Бундай ҳолатда такрорий харидлар орқали харажат қопланишини ҳам ҳисоблаш керак. Фақат мижозлар келажакда қайта харид қилади деган тахмин билан чекланиб қолмаслик муҳим.
Маркетинг буджети намунаси
Қуйидаги жадвал ойига 25 миллион сўмлик шартли маркетинг буджети мисолида тузилган.
Йўналиш | Буджет | Улуши |
|---|---|---|
Meta Ads | 7 500 000 сўм | 30% |
Google Ads | 5 000 000 сўм | 20% |
Контент тайёрлаш | 4 000 000 сўм | 16% |
SEO ва сайт | 3 000 000 сўм | 12% |
CRM маркетинг | 2 000 000 сўм | 8% |
Янги каналларни синаш | 2 000 000 сўм | 8% |
Захира | 1 500 000 сўм | 6% |
Жами | 25 000 000 сўм | 100% |
Бу универсал тавсия эмас. Ҳар бир бизнесда буджет тақсимоти бошқача бўлади. Маркетинг жамоасининг маоши ва бошқа доимий харажатларини ҳам умумий маркетинг буджетида ҳисобга олиш керак.
Маркетинг стратегияси ва режасининг тўлиқ намунаси
Назарияни битта бизнес мисолида бирлаштириб кўрамиз.
Бизда Тошкентда ишлайдиган, онлайн савдо билан шуғулланадиган косметика дўкони бор. Қуйидаги барча рақамлар тушунтириш учун олинган шартли маълумотлар.
Бизнеснинг ҳозирги ҳолати
Ойига 1 000 та буюртма.
Ўртача буюртма қиймати — 350 000 сўм.
Ойлик савдо тушуми — 350 миллион сўм.
Охирги 90 кундаги такрорий харид даражаси — 25%.
Маркетинг мақсадлари
Олти ой ичида ойлик буюртмаларни 1 300 тага етказиш.
Такрорий харид даражасини 35 фоизга ошириш.
Ўртача буюртма қийматини камида 350 000 сўм даражасида сақлаш.
Мақсадли аудитория
Тошкентдаги оригинал косметика маҳсулотларини излаётган, онлайн харид қилишга одатланган ва вақтини тежашни хоҳлайдиган мижозлар.
Позициялаш
Оригинал косметика маҳсулотларини ишончли ва қулай тарзда харид қилиш мумкин бўлган онлайн дўкон.
Маркетинг стратегияси
Маҳсулотларнинг оригиналлигини тасдиқловчи маълумотларни кўрсатиш.
Гўзаллик ва маҳсулот танлаш бўйича фойдали контент орқали янги аудиторияни жалб қилиш.
Қидирув рекламаси орқали харид қилишга тайёр мижозларни топиш.
Сайтдаги харид жараёнини соддалаштириш.
CRM маркетинг орқали такрорий харидларни рағбатлантириш.
Маркетинг режаси
Давр | Устувор ишлар |
|---|---|
1-ой | Аудитория ва рақобатчилар таҳлили, аналитика, сайт аудити |
2-ой | Google Ads ва Meta Ads кампанияларини синаш |
3-ой | Маҳсулот шарҳлари, янги контент ва сайт конверсиясини яхшилаш |
4-ой | CRM сегментацияси ва шахсий таклифлар |
5-ой | Самарали реклама кампанияларини кенгайтириш |
6-ой | Натижаларни баҳолаш ва кейинги давр стратегиясини янгилаш |
Агар 1 300 та буюртмага эришилса ва ўртача чек ўзгармаса, ойлик савдо тушуми 455 миллион сўмни ташкил қилади.
Лекин бу қўшимча 105 миллион сўм фойда дегани эмас. Маҳсулот таннархи, реклама, логистика ва бошқа харажатлар ҳам ҳисобга олиниши керак.
Маркетинг натижаларини қандай ўлчаш керак?
Маркетинг режасининг охирги қисми — натижаларни ўлчаш.
Қайси кўрсаткичларни кузатиш кераклиги маркетинг мақсадига боғлиқ.

Кўрсаткич | Нимани англатади? |
|---|---|
Ревенуэ | Савдо тушуми |
CAC | Битта янги мижозни жалб қилиш харажати |
CPA | Керакли ҳаракат учун сарфланган харажат |
Conversion Rate | Керакли ҳаракатни бажарган фойдаланувчилар улуши |
AOV | Ўртача буюртма қиймати |
ROAS | Реклама харажатига нисбатан реклама орқали олинган тушум |
Retention Rate | Мижозларни сақлаб қолиш даражаси |
LTV | Мижознинг бизнес билан муносабати давомида келтирадиган қиймати |
ROI | Инвестиция рентабеллиги |
Масалан, рекламангиз яхши CTR кўрсатган бўлиши мумкин. Лекин босишлар харидга айланмаса, бизнес учун натижа етарли эмас.
Ёки янги мижозларни жалб қилиш қимматлашган бўлиши мумкин. Аммо бу мижозлар кўпроқ такрорий харид қилаётган бўлса, уларни жалб қилиш ҳали ҳам фойдали бўлиши мумкин.
Шунинг учун маркетинг натижаларини ҳар доим контекстда баҳолаш керак.
Маркетинг стратегияси ва маркетинг режаси учун тайёр шаблонлар
Маркетинг стратегиясини нолдан ҳужжат қилиб ёзиш шарт эмас. Интернетда ўзгартириб, ўз бизнесингизга мослаштиришингиз мумкин бўлган тайёр шаблонлар бор.
Қуйидаги манбалардан бошлаш мумкин.
1. HubSpot — Маркетинг План Темплате
Маркетинг стратегияси ва режасини битта ҳужжатда шакллантириш учун қулай шаблон.
Унда аудитория, стратегия, маркетинг каналлари, буджет ва бошқа муҳим бўлимлар мавжуд.
Шаблон бепул тақдим этилади, лекин маълумотларингизни киритишингиз талаб қилиниши мумкин.
Маркетинг режаси шаблонини юклаб олиш
2. Смартшеэт — Маркетинг Стратегй Темплатес
Маркетинг стратегияси учун турли форматлардаги тайёр шаблонлар.
Excel, Word, Google Sheets, Google Docs ва тақдимот шаклидаги вариантлар мавжуд.
Айниқса стратегияни раҳбариятга тақдим қилиши ёки жамоа билан биргаликда ишлаб чиқиши керак бўлган маркетологлар учун фойдали.
Маркетинг стратегияси шаблонлари
3. Смартшеэт — Маркетинг План Темплатес
Ойлик ва йиллик маркетинг режалари, вазифалар, буджет ҳамда муддатларни бошқариш учун тайёр жадваллар.
Кичик бизнес ва диджитал маркетингга мос вариантлари ҳам бор.
4. Диджитал Маркетинг План Темплате
Агар асосан интернет орқали мижоз жалб қиладиган бизнес учун режа тузаётган бўлсангиз, ушбу шаблонлар фойдали.
Улар рақамли реклама каналлари, контент, буджет ва кампанияларни режалаштириш учун мўлжалланган.
Диджитал маркетинг режаси шаблонлари
5. Business.gov.au — Маркетинг План Темплате
Австралия ҳукуматининг бизнес эгалари учун тайёрлаган маркетинг режаси шаблони.
Мижозларни аниқлаш, рақобатчиларни ўрганиш, маркетинг мақсадларини белгилаш ва буджет тузишга ёрдам беради.
Word форматидаги шаблонни юклаб олиш ёки сайтдаги интерактив воситадан фойдаланиш мумкин.
6. Го-то-Маркет Стратегй Темплате
Янги маҳсулот ёки хизматни бозорга олиб чиқиш учун алоҳида режа керак бўлиши мумкин.
Го-то-Маркет стратегияси янги маҳсулот кимга сотилиши, қандай позицияланиши ва бозорга қайси каналлар орқали чиқишини белгилашга ёрдам беради.
Го-то-Маркет стратегияси шаблонлари
Маркетинг стратегиясини бир саҳифада тузиш мумкинми?
Албатта. Айниқса кичик бизнесда стратегияни 50 саҳифалик презентацияга айлантириш шарт эмас.
Қуйидаги содда жадвал орқали бошлаш мумкин.
Бўлим | Бизнесингиз учун жавоб |
|---|---|
Бизнес мақсади | |
Маркетинг мақсади | |
Ҳозирги ҳолат | |
Мақсадли аудитория | |
Мижознинг асосий муаммоси | |
Қиймат таклифи | |
Рақобатчилардан фарқимиз | |
Устувор маркетинг каналлари | |
Маркетинг буджети | |
Асосий KPI'лар | |
Натижаларни текшириш муддати |
Шу саволларга аниқ жавоб бера олсангиз, маркетинг стратегиясининг асосий қисми шаклланган бўлади.
Кейин унинг ҳар бир банди бўйича батафсил маркетинг режасини тузиш мумкин.
Маркетинг стратегиясини тузишда кўп учрайдиган хатолар
Стратегияни реклама каналларидан бошлаш
«Instagram, Google ва Telegram'да реклама берамиз» — бу ҳали маркетинг стратегияси эмас.
Аввал кимни жалб қилаётганингизни, нима таклиф қилишингизни ва нега шу каналлар кераклигини аниқланг.
Ҳаммани мижоз деб ҳисоблаш
Потенсиал аудиториянгиз катта бўлиши мумкин. Лекин чекланган маркетинг буджетини барча одамларга сарфлаш самарали бўлмаслиги мумкин.
Аввал бизнес учун энг муҳим сегментларга эътибор беринг.
Бошқа бизнеснинг стратегиясини кўчириш
Халқаро бренд миллионлаб доллар сарфлаб қилган кампанияни кичик маҳаллий бизнесда такрорлаш доим ҳам мантиқли эмас.
Бошқаларнинг тажрибасидан ўрганиш керак. Лекин ҳар бир қарор бизнесингиз шароитига мос келиши лозим.
Обуначилар сонини асосий мақсадга айлантириш
Instagram'да 100 минг обуначи бўлиши бизнес фойда кўраётганини англатмайди.
Агар асосий мақсад савдо бўлса, янги харидорлар, буюртмалар, такрорий харидлар ва харажатларни ҳам кузатиш керак.
Режани янгиламаслик
Январь ойида тузилган маркетинг режаси июль ойида ҳам ўзгаришсиз ишлаши шарт эмас.
Бозор ўзгаради. Янги рақобатчилар пайдо бўлади. Мижозларнинг эҳтиёжлари ўзгариши мумкин. Реклама харажатлари ошади ёки камаяди.
Маркетинг режаси шу ўзгаришларга мослашиши керак.
Хулоса
Маркетинг стратегияси бизнеснинг бозорда қандай ҳаракат қилишини белгилайди. Маркетинг режаси эса шу стратегияни амалга ошириш учун бажариладиган ишларни тартибга солади.
Стратегия тузишда аввал бизнесни, бозорни ва мижозларни тушуниш керак. Шундан кейин мақсадлар, қиймат таклифи, маркетинг каналлари ва буджет белгиланади.
Яхши стратегиянинг сифати унинг неча саҳифадан иборатлиги билан ўлчанмайди. У бизнесга тўғри қарор қабул қилишда, ресурсларни самарали тақсимлашда ва натижаларни яхшилашда ёрдам бериши керак.
Маркетинг режаси эса шу қарорларни кундалик ишларга айлантиради.
Кўп бериладиган саволлар
Маркетинг стратегияси қанча муддатга тузилади?
Бу бизнес турига боғлиқ. Кўпинча маркетинг стратегияси 6–12 ойга ёки ундан узоқ муддатга тузилади. Маркетинг режаси эса ойлик, чораклик ёки йиллик бўлиши мумкин.
Маркетинг стратегиясини ким тузади?
Одатда маркетинг раҳбари ёки маркетолог бизнес эгаси, савдо жамоаси ва бошқа масъул ходимлар билан биргаликда тузади. Кичик бизнесда тадбиркорнинг ўзи ҳам стратегия ишлаб чиқиши мумкин.
Кичик бизнесга маркетинг стратегияси керакми?
Ҳа. Кичик бизнеснинг ресурслари чекланганлиги сабабли қайси мижозларга ва қайси каналларга эътибор беришни аниқлаш айниқса муҳим. Стратегия катта ҳужжат бўлиши шарт эмас.
Маркетинг режаси ва контент режа бир хилми?
Йўқ. Контент режа — қандай контент, қайси платформада ва қачон эълон қилинишини кўрсатади. Маркетинг режаси эса контентдан ташқари реклама, буджет, маҳсулот, мижозлар билан ишлаш ва натижаларни ўлчашни ҳам қамраб олиши мумкин.
ChatGPT ёрдамида маркетинг стратегиясини тузиш мумкинми?
Мумкин. ChatGPT стратегия структурасини яратиш, ғоялар топиш, маълумотларни тартибга солиш ва маркетинг режаси лойиҳасини тайёрлашда ёрдам беради. Лекин ҳақиқий мижозлар, савдо, рақобатчилар ва харажатлар ҳақидаги маълумотларни бизнеснинг ўзи тақдим этиши ёки текшириши керак. Акс ҳолда стратегия тахминларга асосланиб қолади.



