Claude маркетологлар учун: skill, плагин ва улагичлар қўлланмаси
Claude’дан оддий чат сифатида эмас, тўлиқ фойдаланиш бўйича қўлланма: Project, skill, улагич ва плагин нима, қаердан бошлаш ва қайси тайёр ечимларни синаб кўриш мумкин.
Claude’га пост ёздирдингиз, натижа яхши чиқди. Кейин реклама ҳисоботини сўрадингиз, у эса рақамларни кўрмасдан умумий маслаҳат берди. Шунда табиий савол туғилади: Нега Claude менинг ишимни тўлиқ тушунмаяпти? Сабаби: кўпчилик уни оддий чат сифатида ишлатади, ҳолбуки Claude маркетологлар учун анча кенг имкониятлар беради.
Бу постда Claude’нинг маркетолог учун муҳим қисмларини оддий тилда тушунтираман: Project, skill, улагич ва плагин. Кейин қачон Claude ишлатиш фойдали эканини, қаердан бошлашни ва бошқа мутахассислар тайёрлаган қайси ечимларни бугуноқ синаб кўриш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Маълумотлар 2026-йил ноябрь ҳолатига кўра ёзилган. Claude тез янгиланади, шунинг учун меню номлари ва тарифлар ўзгариши мумкин.
Claude нима ва маркетологларга нима беради?
Claude — Anthropic компаниясининг сунъий интеллект ёрдамчиси. У матн ёзади, ҳужжат ва жадвални таҳлил қилади, файл яратади, шунингдек уланган иловалар билан ишлайди. Маркетолог учун энг муҳими шу: Claude фақат саволга жавоб бермайди, балки кўп босқичли вазифани бошидан охиригача бажара олади. Айниқса, Claude маркетологларга матн, таҳлил ва режалаш ишида кўп вақтни тежайди.
Claude бир нечта кўринишда ишлайди:
Claude иловаси (claude.ai, компьютер ва телефон иловаси). Маркетолог асосан шу ерда ишлайди.
Claude Code. Асосан дастурчилар учун мўлжалланган, терминалда ёки код муҳарририда ишлайди. Сайт, скрипт ёки автоматлаштириш керак бўлса, у маркетологга ҳам ёрдам беради.
API. Claude’ни ўз маҳсулотингизга улаш учун керак, шунинг учун бу кўпроқ дастурчилар иши.
Бу постда асосан Claude иловаси ҳақида гаплашамиз. Агар Claude Code ишлатсангиз, сиз учун алоҳида изоҳлар ҳам қолдираман.
Claude маркетологларга қачон фойдали, қачон эмас?
Claude кучли восита, лекин ҳамма вазифада бир хил яхши ишламайди. Қуйидаги жадвал қайси ишда унга ишониш мумкинлигини ва қаерда назорат сизда қолиши кераклигини кўрсатади.
Вазифа | Claude мос келадими | Нимага эътибор бериш керак |
|---|---|---|
Пост, мақола, реклама матни қораламаси | Ҳа | Матнни ўзингиз таҳрир қилинг, фактларни текширинг |
Бренд овозида ёзиш | Ҳа, Project ёки skill билан | Бренд қўлланмасини бир марта юклаб қўйинг |
Катта ҳужжат ёки жадвални таҳлил қилиш | Ҳа | Хулосаларни асл рақамлар билан солиштиринг |
Контент режа, кампания режаси | Ҳа | Қидирув ҳажмини алоҳида восита билан текширинг |
Жорий реклама ва сотув рақамлари | Фақат улагич билан | Улагичсиз Claude кабинетингизни кўрмайди |
Фактлар ва статистика | Эҳтиёткорлик билан | Манбаси йўқ рақамни постга қўйманг |
Ҳисоб-китоб (ROAS, бюджет, маржа) | Ҳа, код орқали | Ҳисобни кодда бажаришини алоҳида сўранг |
Якуний стратегик қарор | Ёрдамчи сифатида | Қарор ва жавобгарлик сизда қолади |
Қисқаси, Claude фикрлаш ва ёзиш талаб қиладиган ишда кучли. Бироқ рақам, факт ва қарор бор жойда охирги сўз сизники бўлиши керак.
Claude маркетологлар учун қандай қисмлардан иборат?
Claude иловасида тўртта асосий тушунча бор: Project, skill, улагич ва плагин. Skill, улагич ва плагинлар чап панелдаги Customize менюсида бир жойга йиғилган. Агар уларни бир-биридан ажрата олсангиз, Claude билан ишлаш анча осонлашади.

Project (лойиҳа): доимий контекст
Project — бир мавзу бўйича чатлар ва файллар учун алоҳида жой. Одатда унга бренд қўлланмаси, аудитория тавсифи ва нархлар рўйхатини юклайсиз. Кейин шу Project ичидаги ҳар бир чатда Claude бу маълумотдан фойдаланади.
Масалан, ҳар бир мижоз учун алоҳида Project очинг. Агентликда ишласангиз, бу айниқса қулай, чунки бир мижознинг маълумоти бошқасиникига аралашмайди.
Skill (кўникма): такрорланадиган иш тартиби
Skill — кўрсатмалар, скриптлар ва қўшимча файллардан иборат папка. Claude уни доим эмас, фақат вазифага керак бўлганда юклайди. Асосий файл SKILL.md деб номланади ва унда ишни қандай бажариш ёзилган бўлади.
Project билан фарқи муҳим. Claude ёрдам маркази тушунтиришича, Project доим юкланиб турадиган маълумотлар омбори сифатида тушунсангиз бўлади. Skill эса аниқ бир ишни қандай қилишни ўргатади ва исталган чатда ишлайди. Мисол учун, “Instagram пост ёзиш” скилли матн узунлиги, хештеглар сони ва ҳаракатга чақирув қоидаларини сақлаб туради.
Connector (улагич): иловаларингизга кириш
Улагич Claude’ни бошқа иловаларга боғлайди: Google Drive, Notion, HubSpot, реклама кабинетлари. Бунда Claude маълумотни ўзи олади, баъзи улагичларда эса ҳатто маълум бир вазифаларни ҳам бажаради. Энг муҳими, рухсатлар сизнинг ҳисобингиздан олинади: сиз кўра олмайдиган файлни Claude ҳам кўрмайди.
Улагичлар MCP (Model Context Protocol) стандартида ишлайди. Бундан ташқари, каталогда бўлмаган хизматни сервер манзили орқали махсус улагич сифатида қўшиш мумкин. Аммо бепул тарифда фақат битта махсус улагич ишлатса бўлади.
Шундай қилиб, улагич ва skill бир-бирини тўлдиради. Улагич воситага кириш имконини беради, skill эса бу воситадан қандай тўғри фойдаланишни ўргатади.
Plugin (плагин): тайёр тўплам
Плагин бир нечта skill, буйруқ ва улагични битта пакетга бирлаштиради. Уни ўрнатсангиз, керакли улагичлар ҳам бирга созланади, шунинг учун ҳар бирини алоҳида улаш шарт эмас. Ўрнатилгандан сўнг плагин скиллари чатда “/” белгисини ёзганда ёки “+” тугмасини босганда кўринади.
Плагинлар пуллик тарифларда ишлайди: Pro, Max, Team ва Enterprise.
Маркетологлар Claude’дан фойдаланишни қаердан бошлаши керак?
Ҳамма имкониятни бирданига созлаш шарт эмас. Қуйидаги тартибда бошласангиз, биринчи ҳафтадаёқ фарқни сезасиз.
Project очинг. Бренд қўлланмаси, маҳсулот тавсифи ва 2–3 та энг яхши постингизни юкланг. Шунингдек, Project кўрсатмаларига тил, услуб ва ишлатилмайдиган сўзларни ёзиб қўйинг.
Шахсий созламаларни тўлдиринг. Settings бўлимида кимлигингизни ва жавоб услубини қисқа ёзинг. Бу маълумот барча чатларга таъсир қилади, шу сабабли уни аниқ ёзинг.
1–2 та улагич қўшинг. Аввал энг кўп ишлатадиган иловани уланг, масалан, Google Drive ёки Notion. Чатдаги “+” тугмаси → Connectors → Manage connectors тугмаси орқали каталог очилади.
Маркетинг плагинини ўрнатинг. Customize → Plugins → Browse plugins → Install. Бу Anthropic’нинг расмий плагини, айниқса янги бошловчилар учун қулай.
Битта вазифада синаб кўринг. Мисол учун, кейинги ой учун контент режа сўранг. Сўнг натижани ўзингиз тузган режа билан солиштириб чиқинг.
Яхши ишлаган сўровни скиллга айлантиринг. Бир хил сўровни учинчи марта ёзаётган бўлсангиз, уни skill қилиб сақлаш вақти келди.
Маркетологлар учун Claude’да 6 та амалий мисол
Қуйидаги мисолларда нима уланиши кераклиги ва намунавий сўров берилган. Сўровни ўз бизнесингизга мослаб ўзгартиринг.
1. Ойлик контент режа
Керак бўлади: бренд маълумоти юкланган Project. Намунавий сўров:
Декабрь ойи учун Telegram каналимга 12 та пост режасини туз. Ҳар бири учун мавзу, мақсад, формат ва ҳаракатга чақирув ёз. Байрам ва савдо кунларини ҳисобга ол.
Одатда Claude жадвал кўринишида режа беради. Сиз эса мавзуларни бизнесингиз ҳолатига қараб таҳрир қиласиз.
2. SEO аудит
Керак бўлади: маркетинг плагинидаги /маркетинг:seo-аудит буйруғи ёки Ahrefs улагичи. Намунавий сўров:
Мана бу саҳифани SEO бўйича текшир: сарлавҳа, meta тавсиф, сарлавҳалар тузилмаси ва ички ҳаволалар. Энг муҳим 5 та яхшиласа бўладиган нарсаларни рўйхатини қилиб бер.
Агар SEO сиз учун янги бўлса, аввал SEO нима эканини тушунтирган постимни ўқиб чиқинг. Шунда Claude берган тавсияларни баҳолаш осонроқ бўлади.
3. Реклама ҳисоботи
Керак бўлади: Meta Ads улагичи. У орқали Claude кабинетингиздаги рақамларни ўзи ўқийди. Намунавий сўров:
Ўтган 30 кунда қайси реклама тўпламлари энг паст CPA берди? Натижани жадвалда кўрсат ва бюджетни қайта тақсимлаш бўйича 3 та таклиф бер.
Лекин таклифларни дарҳол қўлламанг. Аввал ҳисоботдаги рақамларни Ads Manager’даги рақамлар билан солиштиринг.
4. Рақобатчи таҳлили
Керак бўлади: веб-қидирув ёқилган чат. Намунавий сўров:
Мана 3 та рақобатчи сайти. Уларнинг асосий таклифи, нарх сиёсати ва бош саҳифа сарлавҳаларини жадвалда солиштир. Бизда қандай бўшлиқ бор?
Натижада фарқлар рўйхати чиқади. Нарх ва акцияларни эса сайтнинг ўзидан қайта текширинг, чунки улар тез ўзгаради.
5. Email ёки Telegram хабарлар кетма-кетлиги
Керак бўлади: Project ёки маркетинг плагини, чунки унда email кетма-кетликлари учун алоҳида skill бор. Намунавий сўров:
Биринчи хариддан кейин мижозга 7 кун ичида юбориладиган 3 та Telegram хабар ёз: раҳмат, фойдаланиш бўйича маслаҳат ва қайта харид учун таклиф.
6. AI жавобларида кўриниш (GEO)
Керак бўлади: саҳифа ҳаволаси ёки матни. Намунавий сўров:
Мана бу саҳифани AI жавобларида иқтибос сифатида чиқиши учун текшир. Саволларга аниқ жавоб борми, фактлар манбаси кўрсатилганми, FAQ бўлими керакми?
Бундай текширув учун тайёр skill ҳам бор, хусусан қуйида тилга олинадиган маркетингскиллс тўпламидаги ai-seo.
Маркетологлар учун тайёр Claude skill, плагин ва улагичлари
Ҳаммасини нолдан ёзиш шарт эмас, чунки кўп ишни бошқа мутахассислар аллақачон қилиб бўлган. Қуйида Claude маркетологларга дарҳол фойда берадиган расмий ва жамият ечимлари бор. Расмий бўлмаганларини ўрнатишдан олдин эса албатта хавфсизлик бўлимини ўқиб чиқинг.
Anthropic’нинг расмий маркетинг плагини
Anthropic ўзи ишлатадиган рол плагинларини очиқ кодда чиқарган: anthropics/knowledge-work-plugins. Улар орасида маркетинг, савдо, ҳуқуқ, молия ва бошқа йўналишлар бор. Маркетинг плагини контент ёзиш, кампания режалаш, бренд овозини сақлаш, рақобатчи бўйича қисқа маълумотнома ва натижалар ҳисоботига ёрдам беради.
Асосий буйруқлари:
Бренд овозида контент ёзиш: /маркетинг:драфт-content.
Аудитория, хабар ва жадвал билан кампания режаси: /маркетинг:campaign-план.
Техник SEO текшируви ва тавсиялар: /маркетинг:seo-аудит.
Claude иловасида у Customize → Plugins орқали ўрнатилади. Claude Code’да эса аввал “claude plugin marketplace адд anthropics/knowledge-work-plugins”, кейин “claude plugin install маркетинг@knowledge-work-plugins” буйруғини ёзасиз.
anthropics/skills: расмий намуналар
anthropics/skills — Anthropic’нинг расмий skill репозиторийси. Унда Word, PDF, PowerPoint ва Excel файллар билан ишлаш скиллари ҳамда ўз скиллингизни яратишга ёрдам берадиган намуналар бор. Маркетолог учун бу репо асосан икки мақсадда фойдали: тайёр скиллни ишлатиш ва ўз скиллингиз учун андоза олиш.
Corey Haines’нинг маркетингскиллс тўплами
coreyhaines31/маркетингскиллс маркетинг бўйича энг машҳур жамият тўпламларидан бири. 2026-йил ноябрь ҳолатига у GitHub’да 58 мингга яқин юлдуз тўплаган ва MIT лицензиясида тарқатилади. Ичида 50 дан ортиқ skill бор, жумладан конверсияни ошириш (CRO), копирайтинг, SEO, AI қидируви учун оптималлаштириш, реклама, аналитика ва нарх белгилаш.
Тўпламнинг асосий ғояси қизиқ. Ундаги product-маркетинг скилли маҳсулот, аудитория ва позициялаш ҳақида битта ҳужжат тузади. Қолган скиллар эса ишни бошлашдан олдин айнан шу ҳужжатни ўқийди. Демак, биринчи навбатда шу скиллни ишга туширган яхши.
Claude иловасига қўшиш учун репозиторийнинг Releases бўлимидан керакли скиллнинг ZIP файлини юклаб олинг. Сўнг Customize → Skills → Create skill → Upload a skill йўли билан юкланг. Ҳар бир архивда битта skill бўлади.
Маркетологлар учун фойдали Claude улагичлари
Улагич | Нима қилади | Изоҳ |
|---|---|---|
Meta Ads (расмий) | Facebook ва Instagram кампаниялари, креативлар ва натижалар билан ишлайди | 2026-йил 29-апрельдан очиқ бета, 29 та восита. Махсус улагич сифатида қўшилади |
Google Ads | Кампания натижаларини ўқийди | Google’нинг расмий сервери фақат ўқиш режимида ишлайди |
Ahrefs | SEO ва AI қидируви бўйича таҳлил | Каталогда бор, Ahrefs ҳисобингиз билан ишлайди |
HubSpot, Canva, Notion | CRM, дизайн ва контент календари | Каталогдан бир неча босишда уланади |
Google Drive | Бриф, режа ва жадвалларни ўқийди | Энг биринчи уланадиган улагичлардан бири |
Yandex Metrika | Ҳисоблагич, мақсад ва ҳисоботлар | Расмий эмас, жамият серверлари бор. Токен билан, асосан Claude Code ва Claude Desktop’да ишлайди |
Meta Ads улагичи ҳали бета ҳолатида, шунинг учун ҳамма реклама кабинетида бир хил ишламаслиги мумкин. Google Ads учун расмий сервер коди GitHub’да очиқ.
Ўзбекистондаги маркетологлар учун Claude бўйича изоҳлар
Маҳаллий бозорда ишлаганда бир нечта нарсани олдиндан билиб олган маъқул.
Тил. Claude ўзбек тилида ёзади, лекин тайёр матнда таржима оҳанги қолиши мумкин. Шу боис Project кўрсатмаларига лотин ёзуви, ў ва ғ ҳарфларини ёзиш қоидаси ва бренд луғатини қўшиб қўйинг.
Маҳаллий платформалар. Telegram ва Yandex каби бизда кўп ишлатиладиган платформалар учун расмий улагичлар ҳозирча кам. Yandex Metrika учун жамият тайёрлаган MCP серверлар бор, аммо улар токен ва техник созлашни талаб қилади.
Оддий усул ҳам ишлайди. Агар улагич бўлмаса, ҳисоботни CSV ёки Excel файлга экспорт қилиб, чатга юкланг. Шундан сўнг Claude файлни таҳлил қилиб, жадвал ёки график тайёрлайди.
Рус тилидаги контент. Тошкентда кўп бизнес одатда икки тилда ишлайди. Бир постни ўзбекча ва русча вариантда сўранг, лекин ҳар бирини алоҳида текширинг: тўғридан-тўғри таржима ҳар доим ҳам табиий чиқмайди.
Ўз скиллингизни қандай яратиш мумкин?
Skill яратиш учун код ёзишни билиш шарт эмас. Аслида skill — ичида SKILL.md номли матн файли бўлган папка. Файл бошида ном ва қисқа тавсиф (description), пастида эса иш тартиби ёзилади.
Энг муҳим қатор — тавсиф, чунки Claude скиллни қачон ишга туширишни айнан шу қатордан аниқлайди. Агар тавсиф ноаниқ бўлса, skill керакли пайтда ишламай қолади.
Энг осон йўл: скиллни Claude билан суҳбатда тузиш. Унга вазифани, яхши натижа намунасини ва кўп учрайдиган хатоларни тушунтиринг, сўнг буни skill қилиб сақлашни сўранг.
Хавфсизлик: маркетологлар Claude’да нимага эътибор бериши керак?
Фақат ишончли манбадан ўрнатинг. Сабаби, плагин компьютерингизда бошқа дастурлар билан бир хил рухсатда ишлайдиган локал серверларни ўз ичига олиши мумкин.
SKILL.md файлини ўқиб чиқинг. Жамият скилларини Anthropic текширмайди. Демак, ўрнатишдан олдин ичида нима ёзилганини ўзингиз кўриб чиқинг.
Реклама кабинетига эҳтиёткорлик билан уланг. Биринчи навбатда фақат ҳисобот олиш учун ишлатинг. Бюджет ёки кампанияни ўзгартирадиган ҳаракатларни эса ҳар сафар қўлда тасдиқланг.
Мижоз маълумотини ўйлаб юкланг. Шахсий маълумот ва махфий ҳужжатни юклашдан олдин компания қоидасини текширинг.
Кераксиз улагични ўчиринг. Ишлатилмайдиган улагич қанча кам бўлса, хавф ҳам шунча кам бўлади.
Якуний фикр
Қисқаси, Claude маркетологларга ҳақиқий ёрдамчи бўлиши учун дастурчи бўлиш шарт эмас. Битта Project, битта улагич ва битта тайёр плагин билан бошланг. Бир ҳафта ишлатиб кўринг, кейин энг кўп такрорланадиган вазифани ўз скиллингизга айлантиринг.
Маркетинг асосларини такрорламоқчи бўлсангиз, маркетинг нима эканини тушунтирган постимни ўқинг. Шунингдек, реклама билан ишлайдиганларга таргет реклама ва диджитал маркетолог ҳақидаги пост фойдали бўлади.
Кўп бериладиган саволлар
Claude бепулми?
Claude’нинг бепул тарифи бор ва унда баъзи улагич ҳамда скиллар ишлайди. Лекин чекловлар кўп: масалан, фақат битта махсус улагич қўшиш мумкин. Плагинлар эса фақат пуллик тарифларда (Pro, Max, Team, Enterprise) ишлайди, шунинг учун аниқ шартларни claude.com сайтида текширинг.
Claude ўзбек тилини тушунадими?
Ҳа, Claude ўзбекча саволни тушунади ва ўзбек тилида жавоб ёзади. Бироқ матнда баъзан таржима оҳанги ёки русча иборалар учрайди. Шу сабабли тайёр матнни чоп этишдан олдин ўқиб чиқинг ёки ёзиш қоидаларини скиллга киритиб қўйинг.
Skill ва плагин фарқи нима?
Skill битта иш тартибини ўргатади, масалан, бренд овозида пост ёзишни. Плагин эса бир нечта skill, буйруқ ва улагични битта пакетга бирлаштиради. Бошқача айтганда, плагин скиллар ва уларга керак бўладиган уланишлар тўпламидир.
Claude реклама кабинетимни ўзгартира оладими?
Бу улагичга боғлиқ. Meta Ads’нинг расмий улагичи кампанияни бошқариш воситаларини ҳам беради, бироқ Google Ads’нинг расмий сервери фақат ўқийди. Шунинг учун аввал фақат ҳисобот олишда ишлатинг ва ҳар бир ўзгаришни қўлда тасдиқланг.
Claude Code маркетологларга керакми?
Шарт эмас, чунки кундалик ишнинг кўпи Claude иловасида бажарилади. Claude Code асосан сайт яратиш, маълумотни автоматик қайта ишлаш ёки кўп файл билан бирданига ишлаш керак бўлганда фойдали.



