ЖурабекМаркетинг ва сунъий интеллект ҳақидаги блог
SEO нима: қидирув натижаларида биринчи ўринни эгаллаган саҳифа
Диджитал маркетинг6 дақиқа ўқиш

SEO нима? Бизнес эгаси учун оддий тушунтириш

SEO нима ва у сайтга мижозни қандай олиб келади? Қидирув тизимлари, калит сўз танлаш ва биринчи қадамлар — оддий тилда, мисоллар билан.

Дўконингиз бор, сайт ҳам очгансиз, лекин Google’да бизнесингизни топа олмаябсизми? Рақобатчингиз эса биринчи саҳифада турибди ва мижоз унга қўнғироқ қиляпти. Шунда табиий савол туғилади: Нега менинг сайтим Googleнинг биринчи саҳифасида йўқ? Сабаби: сизнинг веб саҳифаларингиз қидирув тизимларига оптималлаштирилмаган.

Қуйида буни мураккаб атамаларсиз тушунтираман. Аввало SEO нималигини ва қандай ишлашини кўриб чиқамиз, кейин биринчи қадамларни аниқлаб оламиз. Постни ўқиб бўлгач, нимадан бошлашни аниқ билиб оласиз.

SEO нима?

SEO — сайтни қидирув тизимларида юқорироқ кўрсатиш учун қилинадиган ишлар йиғиндиси. Бу қисқартма инглизча search engine optimization сўзларидан олинган, ўзбекчада “қидирув тизимлари учун оптималлаштириш” дейилади. Мақсад оддий: одам Google ёки Yandex’га керакли сўзни ёзганда, сизнинг саҳифангиз биринчи натижалар орасида чиқишидир.

Google ўзининг SEO бўйича бошланғич қўлланмасида буни бошқача ифодалайди. Унинг фикрича, SEO қидирув тизимига контентни тушунишда, фойдаланувчига эса сайтга кириш-кирмасликка қарор қилишда ёрдам беради. Демак, сизнинг сайтингиз ҳам роботга, ҳам одамга тушунарли бўлиши керак.

Қидирув тизими саҳифани қандай топади?

Қидирув тизими учта иш қилади. Аввало роботлар интернетни айланиб, саҳифаларни топади. Кейин топилганини катта базага қўшиб қўяди. Интернет фойдаланувчи қидирув тизимларида сўров ёзганда эса шу базадан энг мос саҳифани танлаб, тартиб билан кўрсатади.

Google саҳифаларни асосан бошқа саҳифалардаги ҳаволалар орқали топади. Шунинг учун вебсайт саҳифаларингиз бир-бирига қанчалик яхши боғланган бўлса, роботга уларни топиш шунчалик осон бўлади.

SEO нима: қидирув натижаларида биринчи ўринни эгаллаган саҳифа

SEO нима учун керак?

Фараз қилинг, Тошкентда стоматология клиникангиз бор. Одамлар “тиш даволаш нархи” ёки “тиш оғриғида нима қилиш керак” деб қидиради. Агар саҳифангиз шу сўровларда чиқса, мижоз сизни ўзи топади.

Пуллик рекламадан асосий фарқи айнан шунда. Масалан, Таргет ёки Google Ads’да бюджет тугаса, мижоз оқими ҳам тўхтайди. SEO эса бошқача ишлайди: яхши саҳифа тайёрласангиз, у ойлаб мижоз келтириши мумкин. Лекин натижа тез келмайди, чунки қидирув тизими сизга ишониши учун вақт керак.

Мезон

SEO

Пуллик реклама

Натижа қачон кўринади

Ҳафталар ва ойлар ўтгач

Одатда ишга тушган заҳоти

Тўхтатсангиз

Саҳифа қидирув натижаларида қолиши мумкин

Мижоз оқими тўхтайди

Асосий харажат

Контент ва мутахассис вақти

Ҳар бир босиш, кўрсатиш, ва бошқа харакат учун тўлов

Агар қайси йўл сизга мослигини билмоқчи бўлсангиз, анъанавий ва диджитал маркетинг фарқи ҳақидаги мақолани ўқиб чиқинг. Маркетингнинг ўзи сизга янги бўлса, аввало маркетинг нима ва нима учун керак деган постдан бошланг.

SEO нима беради ва нимани бермайди?

Кўпчилик SEOдан сеҳрли тугма кутади. Аслида у фақат мижозни сизнинг саҳифангизга олиб келади. Уни харидорга айлантириш эса сайтнинг ва таклифингизнинг иши. Масалан, саҳифа биринчи бўлиб чиқса-ю, нарх тушунарсиз ёки буюртма тугмаси топилмаса, одам бошқа сайтга ўтиб кетади.

  • Нима беради: қидирувдан келадиган мижоз оқимини, вақт ўтгани сари кучаядиган саҳифаларни ва рекламага камроқ боғлиқ бўлиш имконини.

  • Нимани бермайди: бир кечада натижани, кафолатланган ўринни ва ёмон таклифни сотиб юборишни.

SEO нималардан иборат: техник, контент ва ташқи йўналиш

Аслида SEO битта иш эмас, бир нечта йўналиш. Уларни тўрт гуруҳга бўлиш мумкин.

Тур

Нимага қарайди

Мисол

Техник SEO

Сайт тезлиги, телефонда очилиши, роботлар учун очиқлиги

Саҳифа секин очилса, мижоз кутмасдан чиқиб кетади

Контент SEO

Матн, сарлавҳа, тавсиф ва расмлар

“Хона учун кондиционер танлаш” бўйича тушунарли қўлланма

Ташқи SEO

Бошқа сайтлардан келадиган ҳаволалар

Ҳамкор сайт ёки маҳаллий медиа сизга ҳавола беради

Маҳаллий SEO

Шаҳар ва харитадаги қидирув

Харитада клиника ёки кафе карточкаси чиқиши

Янги бошлаётганларга энг фойдали йўналиш - контент. Ҳатто Google’нинг ўзи ҳам фойдали ва қизиқарли контент бошқа маслаҳатларнинг кўпчилигидан кучлироқ таъсир қилишини ёзади. Шунинг учун аввал одамларга керакли ва фойдали маълумотни беринг, кейин техник майда-чуйдага ўтинг.

Калит сўз нима ва уни қандай танлаш керак?

Калит сўз — одам қидирув ойнасига ёзадиган сўз ёки ибора. Масалан, “кондиционер ўрнатиш нархи” ёки “IELTS курси Тошкент”. Мижозингиз қандай қидиришини тахмин қилиш — SEO’нинг биринчи қадами.

Танлашда энг муҳими одамнинг нияти. “Кондиционер” деб ёзган киши шунчаки маълумот қидираётган бўлиши мумкин. “Кондиционер сотиб олиш Тошкент” деб ёзган эса харид қилмоқчи. Сотув учун иккинчи сўров қимматроқ, чунки унда тайёр мижоз турибди.

  1. Мижозингиз нима деб қидиришини 10–15 та иборада ёзиб чиқинг.

  2. Шу ибораларни Google’га киритинг ва қидирув ойнаси таклиф қиладиган гап давомини кўринг.

  3. Биринчи саҳифадаги рақобатчилар нимани қандай тушунтирганини ўрганиб чиқинг.

  4. Ҳар бир саҳифага битта асосий иборани бириктиринг.

Ўзбек тилида қўшимчалар кўп, шунинг учун “маркетинг”, “маркетингни” ва “маркетингнинг” алоҳида сўздек туюлади. Хавотир олманг: Google сўзнинг турли шаклларини тушунади. Ҳар бир вариантни санаб ёзиш шарт эмас, табиий ёзганингиз етарли.

Ўзбекистонда SEO’нинг ўзига хос жиҳатлари

Бизда қидирув одатлари бироз мураккаброқ. Мижозингиз бир хил нарсани лотин ёзувида, кириллда ёки русча қидириши мумкин. Масалан, “кондиционер ўрнатиш”, “кондиционер установка” ва “кондиционер орнатиш” аслида бир хил нарсани билдиради.

Шунинг учун асосий хизматларингиз саҳифасини икки тилда тайёрлаш фойдали. Айниқса мижозларингиз ўзбекча ва русча аралаш қидирадиган соҳаларда бу иш беради. Қолаверса, шаҳар бўйича қидирувларда харитадаги бизнес карточкангиз ҳам сизни кўрсатади. Шунинг учун уни тўлдириб қўйинг: манзил, иш вақти, телефон ва расмлар.

SEO’ни қаердан бошлаш керак?

Катта режа тузишдан олдин олтита оддий ишни бажаринг.

  1. Google Search Console’ни уланг. Шунда сайт Google’га кўринаётганини ва қайси сўровларда чиқаётганини биласиз. Yandex Webmaster’ни ҳам худди шундай улаш мумкин.

  2. Ҳар бир саҳифага алоҳида сарлавҳа ва қисқа тавсиф ёзинг. Улар қидирув натижасида кўринади ва одам босиш-босмаслигини ҳал қилади.

  3. Тушунарли матн ёзинг. Уни абзасларга ва сарлавҳаларга бўлинг, расмларга қисқа изоҳ (алт матн) қўшинг.

  4. Саҳифаларни бир-бирига боғланг. Ички ҳавола роботга ҳам, фойдаланувчига ҳам йўл кўрсатади.

  5. Сайтни телефонда текширинг. Тез очилиши ва матн ўқилиши қулай бўлиши керак.

  6. Кутинг. Google ўзгаришлар баъзан бир неча соатда, баъзан бир неча ойда кўринишини айтади ва натижани баҳолашдан олдин бир неча ҳафта кутишни тавсия қилади.

SEO натижасини қандай ўлчаш мумкин?

Search Console’да учта рақам энг фойдали. Биринчидан, кўришлар сони: саҳифангиз қидирув натижасида неча марта чиққани. Иккинчидан, босишлар сони. Учинчидан, саҳифанинг ўртача ўрни.

Уларни ойига бир марта солиштириш кифоя, чунки ҳар куни қараш фақат асабни бузади. Айниқса босишларнинг ўзи эмас, шу босишлардан нечта ариза ёки қўнғироқ келгани муҳим. Бунинг учун сайтда Google Analytics каби таҳлил воситаси ҳам уланган бўлиши керак.

SEO’ни ўзингиз қиласизми ёки мутахассисга топширасизми?

Агар сайт кичик бўлса ва вақтингиз бор бўлса, юқоридаги олтита қадамни ўзингиз бажара оласиз. Лекин сайт катта бўлса, техник муаммолар кўп бўлса ёки вақт етмаса, мутахассис ёллаш мантиқли.

Яна бир маслаҳат: агентлик танласангиз, битта нарсага қаранг. Улар нимани ва нега қилишини аниқ тушунтира оладими? Режаси йўқ, фақат “биринчи ўринни олиб берамиз” дейдиган жамоадан узоқ турган маъқул.

SEO ҳақида кўп учрайдиган хатолар

Бу соҳада афсона кўп, айниқса курсдан янги чиққанлар орасида. Энг кенг тарқалганларини кўриб чиқамиз.

  • Калит сўзни матнга қистириш. Бир сўзни ўн марта такрорласангиз, матн ўқиб бўлмас бўлади. Google буни спамга қарши қоидаларига зид деб ҳисоблайди.

  • “Meta keywords” ёзиш. Google бу тегни умуман ҳисобга олмайди, демак вақт беҳуда кетади.

  • Мақола узунлигини мақсад қилиш. Google’нинг айтишича, идеал сўз сони йўқ. Муҳими, саволга тўлиқ жавоб бериш.

  • “Биринчи ўринни кафолатлаймиз” деган вада. Google очиқ ёзади: сайт автоматик биринчи бўлиб чиқадиган сир йўқ. Шунинг учун бундай кафолат берган агентликдан эҳтиёт бўлинг.

Якуний фикр

Қисқаси, SEO нима деган саволга жавоб оддий: бу сизни қидираётган одамга йўлни осонлаштириш. Сеҳр йўқ, лекин сабр ва тартиб бўлиши керак. Фойдали саҳифа яратинг, уни роботга ҳам тушунарли қилинг ва натижани бир неча ҳафта кузатинг.

Саволингиз бўлса ёки сайтингизни бирга кўриб чиқмоқчи бўлсангиз, Telegram’да ёзинг.

Кўп бериладиган саволлар

SEO нима дегани?

SEO — сайтни Google ва Yandex каби қидирув тизимларида юқорироқ кўрсатиш учун қилинадиган ишлар йиғиндиси. Бунга фойдали контент ёзиш, сайт техник ҳолатини яхшилаш ва саҳифаларни бир-бирига боғлаш киради. Мақсад — одам керакли сўзни қидирганда сизнинг саҳифангиз топилиши.

SEO натижаси қанча вақтда кўринади?

Google ўзгаришлар баъзан бир неча соатда, баъзан бир неча ойда кўринишини айтади. Натижани баҳолашдан олдин камида бир неча ҳафта кутиш тавсия этилади. Рақобати кучли сўзлар учун эса кўпроқ вақт кетиши мумкин.

SEO бепулми?

Қидирув натижасидаги ўрин учун Google’га тўланмайди, лекин SEO мутлақо бепул эмас. Сиз контент ёзишга вақт сарфлайсиз ёки мутахассисга тўлайсиз. Пуллик рекламадан фарқи шундаки, бу харажат ҳар бир босиш учун эмас, саҳифани тайёрлаш учун қилинади.

SEO ва пуллик рекламанинг фарқи нима?

Пуллик реклама бюджет бор пайт ишлайди ва тўхтатсангиз, мижоз оқими ҳам тўхтайди. SEO натижаси секинроқ келади, лекин яхши саҳифа ойлаб одам келтириши мумкин. Кўпинча иккаласи бирга ишлатилади.

SEO’ни ўзим ўргана оламанми ёки мутахассис керакми?

Кичик сайт ва бўш вақт бўлса, асосий қадамларни ўзингиз бажара оласиз: Search Console’ни улаш, сарлавҳа ва тавсиф ёзиш, фойдали матн тайёрлаш. Сайт катта бўлса ёки техник муаммолар кўп бўлса, мутахассис ёрдами мантиқли. Кафолатли биринчи ўринни вада қилган агентликдан эҳтиёт бўлинг.

#Google#калит сўз#қидирув тизимлари#SEO#SEO нима
Постни улашинг

Диджитал маркетинг10 дақиқа ўқиш

Анъанавий маркетинг ва диджитал маркетинг фарқи: бизнесингиз учун қайси йўл тўғри?

Анъанавий маркетинг ва диджитал маркетинг фарқи нимада? Реклама бюджети чекланган, мижоз эса турли йўллар билан топиб келади: кимдир кўчадаги баннерга қараб қўнғироқ қилади, кимдир Instagramда саҳифангизга…

Батафсил ўқиш →
Диджитал маркетинг7 дақиқа ўқиш

Таргет реклама ёқишни билган одам диджитал маркетолог ҳисобланадими?

Таргет Курсни тугатган одам бир ҳафтадан кейин LinkedIn’даги профилига “Диджитал маркетолог” деб ёзиб қўяди. Бизнес эгаси ҳам “Реклама ёқиб берсангиз бўлди, қолганини ўзим қиламан” дейди ва…

Батафсил ўқиш →