ЖурабекМаркетинг ва сунъий интеллект ҳақидаги блог
Маркетинг нима: маҳсулот, нарх, жой ва тарғибот — маркетингнинг тўрт асосий қисми
Маркетинг12 дақиқа ўқиш

Маркетинг ўзи нима ва бизнесга нима учун керак?

Маркетинг ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг хаёлига дарҳол реклама келади: Instagramдаги пост, Google’даги эълон, баннер, чегирма ёки блоггер билан ҳамкорлик. Аслида эса реклама маркетингнинг фақат бир қисми.

Маркетинг анча кенг тушунча. У бозорда нимани таклиф қилиш, кимга таклиф қилиш, қандай нарх белгилаш, маҳсулотни қаерда сотиш, мижозга қандай етиб бориш ва нима сабабдан айнан сизни танлаши кераклигини тушунишга ёрдам беради.

Шунинг учун маркетинг нима деган саволга фақат “реклама қилиш” деб жавоб бериш нотўғри.

Маркетингнинг асосий вазифаси — бизнес таклиф қилаётган қийматни мижоз учун тушунарли қилиш ва уни тўғри аудиторияга етказиш. American Marketing Association маркетингни қиймат яратиш, уни коммуникация қилиш, етказиб бериш ва алмашиш билан боғлиқ жараёнлар деб таърифлайди. American Marketing Association’нинг маркетинг таърифи ҳам айнан шу кенг ёндашувни кўрсатади.

Маркетинг нима?

Оддий тилда айтсак, маркетинг — одамлар нимага муҳтожлигини тушуниш ва бизнес таклифини шу эҳтиёж билан боғлаш жараёни.

Бу таърифда бир нечта муҳим жиҳат бор.

Масалан, сиз кофе сотадиган кичик бизнес очдингиз. Сизда яхши кофе, чиройли жой ва тажрибали бариста бор. Лекин яқин атрофдаги одамлар сизнинг кафейингиз борлигини билмайди. Ёки билади, лекин нархингизни қиммат деб ҳисоблайди. Ёки сизнинг асосий мижозларингиз эрталаб ишлайдиган одамлар бўлса-да, рекламангизни кечаси кўрсатиб қўйяпсиз.

Бу ҳолатларда муаммо фақат рекламада эмас.

Маҳсулот, нарх, жойлашув, аудитория, таклиф ва коммуникация бир-бирига мос тушиши керак.

Маркетинг айнан шу саволларга жавоб излайди:

  • Менинг мижозим ким?
  • У нимани хоҳлайди?
  • Унинг қандай муаммоси бор?
  • Мен бу муаммони қандай ҳал қила оламан?
  • Нега у бошқа компанияни эмас, мени танлаши керак?
  • Маҳсулотим нархи қанча бўлиши керак?
  • Мижоз мени қаердан топади?
  • У харид қилиш учун қандай йўлни босиб ўтади?
  • Хариддан кейин уни қандай қилиб яна қайтариш мумкин?

Шу сабабли маркетингни фақат реклама билан тенглаштириш нотўғри.

Реклама одатда одамга хабарни етказади. Маркетинг эса ундан олдинроқ бошланади.

Маркетинг ва реклама бир хилми?

Йўқ.

Реклама — маркетинг воситаларидан бири.

Буни оддий мисол билан тушуниш мумкин. Тасаввур қилинг, янги спорт оёқ кийими чиқардингиз. Instagram’да унга реклама бердингиз. Реклама жуда кўп одамга кўрсатилди, лекин сотув бўлмади.

Нима сабаб?

Балки аудитория нотўғри танлангандир. Балки маҳсулотнинг нархи бозордаги муқобилларга нисбатан юқорироқдир. Балки рекламада маҳсулотнинг асосий фойдаси тушунтирилмагандир. Балки сайт ёки савдо жараёни ноқулайдир. Балки харидор айнан шу маҳсулотга ҳозир эҳтиёж сезмаётгандир.

Демак, “реклама ишламади” деган хулоса жуда эрта бўлиши мумкин.

Маркетинг нима учун керак?

Бизнес учун маркетингнинг қиймати “кўпроқ реклама қилиш” билан чекланмайди. Маркетинг қарорларни мижоз, бозор ва бизнес мақсадлари билан боғлашга ёрдам беради.

1. Мижозни яхшироқ тушуниш учун

Яхши маҳсулот яратишнинг ўзи етарли эмас. Муҳим савол — ким бу маҳсулотни сотиб олади ва нима сабабдан?

Масалан, сиз онлайн курс сотасиз. “Ҳамма учун фойдали курс” деган позиция жуда умумий.

Агар курс:

“Рақамли маркетингни нолдан ўрганиб, дастлабки портфолио яратмоқчи бўлган бошловчилар учун”

деб аниқ аудиторияга йўналтирилса, коммуникацияни қуриш осонлашади.

Мижознинг ёши, даромади ёки яшаш жойи каби оддий сегментлар билан бир қаторда унинг эҳтиёжи, муаммоси, харид мотивацияси ва қарор қабул қилиш жараёни ҳам муҳим.

Маркетинг тадқиқоти айнан шу маълумотларни йиғиш ва улардан қарорлар учун фойдаланишга хизмат қилади. American Marketing Association маркетинг тадқиқотини истеъмолчи, мижоз ва жамоатчиликни маркетолог билан маълумот орқали боғлайдиган функция сифатида изоҳлайди.

2. Маҳсулотни бозорда тўғри жойлаштириш учун

Бозорда яхши маҳсулотлар кўп. Шунинг учун “менинг маҳсулотим сифатли” деган гапнинг ўзи кўпинча етарли эмас.

Мижоз учун бошқа савол муҳим:

“Бу маҳсулот менга нима беради?”

Масалан, икки хил кир ювиш воситаси бир хил вазифани бажариши мумкин. Бири “тежамкор танлов” сифатида кўринади, бошқаси эса “премиум парвариш” сифатида позицияланади.

Маҳсулотнинг ўзи ўзгармаслиги мумкин, лекин унинг бозордаги ўрни бошқача бўлади.

Маркетингнинг вазифаларидан бири — маҳсулотнинг ким учун ва қандай қиймат яратишини аниқ кўрсатиш.

3. Тўғри нарх белгилаш учун

Нарх шунчаки калкуляторда ҳисобланадиган рақам эмас.

Нарх харидорнинг маҳсулот ҳақидаги тасаввурига ҳам таъсир қилиши мумкин. Жуда паст нарх айрим сегментларда “сифати ҳам паст бўлса керак” деган фикр уйғотиши мумкин. Жуда юқори нарх эса маҳсулотнинг қиймати етарлича тушунтирилмаса, харидни қийинлаштиради.

Нархни белгилашда харажатлар, рақобатчилар, мижознинг тўлов қобилияти, маҳсулотнинг қиймати ва бизнеснинг молиявий мақсадлари каби омиллар ҳисобга олинади.

American Marketing Association’нинг маркетингнинг 4P модели ҳақидаги материалида маҳсулот, нарх, жой ва promotion маркетинг миксининг асосий элементлари сифатида кўрсатилади.

Маркетинг қандай ишлайди?

Маркетингни битта реклама кампанияси сифатида эмас, ўзаро боғланган жараён сифатида кўриш тўғрироқ.

Оддий модел қуйидагича кўринади:

Бозорни таҳлил қилош ва тушуниш → аудиторияни аниқлаш → таклиф яратиш → позициялаш → коммуникация → харид → натижани ўлчаш → яхшилаш

Жараён одатда шу билан тугамайди. Харидор бир марта сотиб олгач, кейинги босқич бошланади: уни қайта харидга олиб келиш, хизмат сифатини яхшилаш ва бренд билан бўлган муносабатини яхшилаш ва мустаҳкамлаш.

Маркетингнинг асосий қисмлари

Йўналиш Асосий савол Мисол
Тадқиқот Бозор ва мижоз нимани хоҳлайди? Сўровнома, интервю, рақобатчилар таҳлили
Маҳсулот Мижозга нима таклиф қиламиз? Маҳсулот, хизмат ёки пакет
Нарх Қанча туради? Премиум, ўрта ёки тежамкор сегмент
Жой / тарқатиш Мижоз маҳсулотни қаердан олади? Дўкон, сайт, илова, marketplace
Тарғибот Мижозга қандай етиб борамиз? Реклама, SEO, контент, PR
Таҳлил Натижа қандай бўлди? Сотув, lead, CPA, ROAS, retention

Бу қисмлар алоҳида ишламайди.

Масалан, зўр реклама яратиб, кейин мижозни секин ишлайдиган сайтга олиб келиш мумкин. Ёки жуда яхши маҳсулотни нотўғри аудиторияга тарғиб қилиш мумкин.

Шунинг учун маркетингда фақат “реклама яхши ишлаяптими?” деган савол эмас, “бутун тизим ишлаяптими?” деган савол муҳим.

Маркетингнинг қандай турлари мавжуд?

Маркетинг каналлари вақт ўтган сари ўзгариб боради. Илгари телевидение, радио, газета ва ташқи реклама катта рол ўйнаган бўлса, ҳозир рақамли каналлар кўплаб бизнеслар учун асосий воситалардан бирига айланган.

Лекин “эски” ёки “янги” канал деган ажратишдан кўра, аудиторияга қайси канал орқали етиб бориш мумкинлиги муҳимроқ.

Рақамли маркетинг

Рақамли маркетинг интернет ва рақамли платформалардан фойдаланадиган маркетинг фаолиятларини ўз ичига олади.

Унга қуйидагилар кириши мумкин:

  • SEO
  • Google Ads
  • ижтимоий тармоқлардаги реклама
  • контент маркетинг
  • email маркетинг
  • influencer маркетинг
  • display реклама
  • видео маркетинг
  • мобил илова маркетинги
  • ремаркетинг

Масалан, одам Google’да “Тошкентда инглиз тили курси” деб қидираётган бўлса, у аллақачон маълум даражада эҳтиёж билдирган бўлади. Search маркетинг бундай мавжуд талаб билан ишлашга ёрдам беради. Google Ads’нинг расмий қўлланмасида ҳам платформа янги мижозларга онлайн етиб бориш ва реклама бюджетини бошқариш имкониятларини беради деб тушунтирилади: Google Ads ҳақида расмий маълумот.

Контент маркетинг

Контент маркетингда бренд фақат “бизнинг маҳсулотимизни сотиб олинг” демайди. У фойдали маълумот, тушунтириш, қўлланма, видео ёки бошқа мазмун орқали аудитория билан алоқа қуради.

Масалан, кондиционер сотадиган компания:

“Энг яхши кондиционер бизда!”

дейиш билан чекланмасдан:

“20 квадрат метр хона учун кондиционер танлашда нималарга эътибор бериш керак?”

каби мавзуда фойдали материал яратиши мумкин.

Бундай контент харидга ҳали тайёр бўлмаган одамга ҳам фойда беради.

SEO

SEO — қидирув тизимларида органик кўринишни яхшилашга қаратилган ишлар мажмуаси.

Бу фақат калит сўзларни матнга қўшиш эмас. Сайтнинг техник ҳолати, контент сифати, саҳифанинг қидирув ниятига мослиги, ички тузилма ва бошқа омиллар ҳам аҳамиятга эга.

Масалан, “маркетинг нима?” деб қидираётган фойдаланувчи академик таърифдан ташқари оддий тушунтириш, мисоллар, маркетингнинг вазифалари ва реклама билан фарқини ҳам излаётган бўлиши мумкин.

Демак, SEO’да саволнинг ўзини эмас, савол ортидаги эҳтиёжни тушуниш керак.

Маркетинг ва савдо ўртасидаги фарқ нима?

Маркетинг ва савдо бир-бирига жуда яқин, лекин бир хил нарса эмас.

Соддалаштириб айтганда, маркетинг кўпроқ:

“Кимга, нимани ва нима учун таклиф қиламиз?”

деган саволларга жавоб излайди.

Савдо эса:

“Бу мижозни қандай қилиб реал харидга олиб келамиз?”

деган босқичга яқин.

Масалан, янги ресторан очилди.

Маркетинг қуйидагилар билан шуғулланиши мумкин:

  • Қандай мижозларни жалб қилиш кераклигини аниқлаш.
  • Менюни қайси сегментга мослаштиришни ўйлаш.
  • Ресторан қандай позицияланишини белгилаш.
  • Бренд услубини яратиш.
  • Реклама ва контент стратегиясини ишлаб чиқиш.
  • Мижоз ресторан ҳақида қаердан билишини режалаштириш.

Савдо эса телефон орқали буюртма олиш, стол банд қилиш ёки ресторандаги хизмат жараёнини бошқариш каби тўғридан-тўғри харид билан боғлиқ фаолиятларда намоён бўлади.

Аммо чегаралар ҳар доим ҳам кескин эмас. Айниқса, кичик бизнесда битта одам маркетинг, савдо ва мижозлар билан ишлашнинг бир нечта вазифасини бир вақтнинг ўзида бажариши мумкин.

Маркетинг бизнесга қандай фойда беради?

Маркетингнинг натижасини фақат “кўришлар сони” билан баҳолаш нотўғри бўлиши мумкин.

Бизнесга қараб мақсадлар турлича бўлади.

Масалан:

Бизнес мақсади Маркетинг вазифаси Кузатилиши мумкин бўлган кўрсаткич
Янги мижоз топиш Аудиторияга чиқиш Lead, янги мижоз
Сотувни ошириш Харидга олиб келиш Фойда, буюртмалар сони
Брендни танитиш Хабардорликни ошириш Оҳват, Бренд ҳақида қидиришлар сони
Қайта харидни кўпайтириш Мижозни ушлаб қолиш Қайта харидлар сони
Янги маҳсулотни чиқариш Бозорга тушунтириш Маҳлусотни таниш ва фойдаланиш даражаси

Рақамли маркетингнинг муҳим афзалликларидан бири — кўплаб жараёнларни ўлчаш имконияти.

Масалан, реклама 100 000 марта кўрилди. Бу маълумотнинг ўзи етарли эмас.

Кейинги саволлар:

Нечта одам босди? Нечта одам форма тўлдирди? Нечта одам харид қилди? Битта мижозни жалб қилиш қанчага тушди? Харидор кейин яна қайтдими?

Шунда маркетингни бизнес натижаси билан боғлаш мумкин бўлади.

Лекин ҳар бир маркетинг фаолиятининг натижасини бир хил муддатда ўлчаб бўлмайди. Масалан, қисқа муддатли реклама кампаниясида сотув тезроқ кўриниши мумкин, бренд қурилиши эса узоқроқ даврни талаб қилиши мумкин.

Маркетингда энг кўп учрайдиган хатолар

Маркетинг қилишнинг ўзи натижа кафолати эмас. Нотўғри стратегия билан катта бюджет ҳам самарасиз сарфланиши мумкин.

Фақат реклама ҳақида ўйлаш

Кўп бизнесларда биринчи савол шундай бўлади:

“Рекаламага қанча пул тикамиз?”

Ундан олдин бошқа саволлар берилиши керак:

“Кимга реклама қиламиз?”
“Нимани таклиф қиламиз?”
“Нега айнан шу таклиф қизиқ бўлиши керак?”
“Мижоз рекламани кўргач нима қилади?”

Стратегия йўқ жойда реклама шунчаки трафик яратиб бериши мумкин.

Ҳамма учун маҳсулот яратишга уриниш

“Ҳамма менинг мижозим” деган ёндашув кўпинча коммуникацияни ҳаддан ташқари умумий қилиб юборади.

Масалан, “сифатли хизмат ва қулай нарх” деярли ҳар қандай бизнес айтиши мумкин.

Аниқ аудитория учун аниқ муаммони ечадиган таклиф эса анча тушунарли бўлади.

Фақат рақобатчини кўчириш

Рақобатчида яхши ишлаган нарса сизда ҳам яхши ишлайди дегани эмас.

Унинг аудиторияси, нархи, маҳсулоти, бренд позицияси, жамоаси ва бизнес модели бошқача бўлиши мумкин.

Рақобатчиларни ўрганиш керак, лекин стратегияни кўчириб олиш нотўғри.

Натижани нотўғри метрикада ўлчаш

10 мингта лайк бизнес учун 10 мингта харид дегани эмас.

Маркетинг кўрсаткичи бизнес мақсадига боғланиши керак.

Масалан, мақсад сотув бўлса, фақат оҳват(reach) ёки кўришлар сони (impressions) билан чекланиб қолиш етарли эмас. Мақсад бренд хабардорлигини ошириш бўлса, фақат тўғридан-тўғри сотувни кутиш ҳам нотўғри бўлиши мумкин.

Ёлғон ёки чалғитувчи ваъдалар бериш

Маркетингда ишонч жуда муҳим.

Рекламадаги даъволар ҳақиқатга мос бўлиши, чалғитмаслиги ва керак бўлганда далиллар билан асосланиши керак. Масалан, АҚШ Federal Trade Commission бизнеслар учун реклама бўйича қўлланмасида реклама даъволари рост, чалғитмайдиган ва асосланган бўлиши кераклигини қайд этади. FTC’нинг Advertising and Marketing Basics қўлланмаси бу масала бўйича амалий тушунтириш беради.

Бу принсип фақат бир мамлакат учун эмас, маркетингга профессионал ёндашув нуқтаи назаридан ҳам муҳим: қисқа муддатли сотув учун нотўғри вада бериш узоқ муддатда брендга зарар етказиши мумкин.

Маркетингни нимадан бошлаш керак?

Маркетингни бошлаш учун дарҳол катта реклама бюджети ажратиш шарт эмас.

Бошланғич ёндашув сифатида қуйидаги кетма-кетлик фойдали:

1. Маҳсулотни тушунинг

Сиз аслида нимани сотасиз?

Бу оддий саволдек кўринса ҳам, жавоби фақат маҳсулот номидан иборат бўлмаслиги керак.

Сиз шунчаки “фитнесс абонементи” сотаётган бўлишингиз мумкин. Лекин мижоз аслида вақтни тежаш, соғломроқ бўлиш ёки маълум бир натижага эришиш имкониятини сотиб олаётган бўлиши мумкин.

2. Мижозни аниқланг

Идеал мижознинг:

  • эҳтиёжи
  • муаммоси
  • харид мотивацияси
  • қўрқуви
  • бюджети
  • қарор қабул қилиш жараёни

ҳақида имкон қадар кўпроқ маълумот тўпланг.

Бу маълумот фақат тахминлардан эмас, реал мижозлар билан суҳбат, савдо бўлими маълумотлари, сўровномалар, сайт аналитикаси ва бошқа манбалардан олиниши мумкин.

3. Таклифни аниқ қилинг

Мижоз сиздан нима олишини бир неча сонияда тушуна олиши керак.

“Юқори сифатли хизмат” жуда умумий.

“Биз кичик бизнес учун бир ой ичида сотув воронкасини ишлаб чиқамиз” каби таклиф эса анча конкрет.

4. Канални танланг

Аудитория қаерда?

Қайси канал унга мос?

SEOmi? Инстаграмми? Телеграмми? Google Adsmi? Эмаилми? Оффлине реклама ёки ҳамкорликми?

Ҳар бир канални ишлатиш шарт эмас.

5. Натижани ўлчанг

Кампания тугагач “реклама яхши чиқди” дейиш билан иш битмайди.

Натижани бизнес мақсадига қараб таҳлил қилинг.

Қайси аудитория яхшироқ ишлади? Қайси таклиф кўпроқ қизиқиш уйғотди? Воронканинг қайси босқичда фойлананувчилар/потенсиал мижозлар тушиб қолди? Қайси канал харидга яқинроқ мижозларни олиб келди?

Шу саволлар кейинги кампанияни яхшилашга ёрдам беради.

Оддий маркетинг checklist

  • Мижозим кимлигини аниқ биламан.
  • Мижознинг асосий муаммосини тушунаман.
  • Маҳсулотимнинг асосий қиймати аниқ.
  • Рақобатчиларимни биламан.
  • Таклифимни бир-икки жумлада тушунтира оламан.
  • Мижоз мени қаердан топишини биламан.
  • Харид жараёни имкон қадар содда.
  • Маркетинг мақсадим бизнес мақсади билан боғланган.
  • Натижани ўлчаш учун керакли маълумотлар мавжуд.

Тез-тез сўраладиган саволлар

Маркетинг нима?

Маркетинг — мижоз эҳтиёжини тушуниш, бизнес таклифини шакллантириш, уни тўғри аудиторияга етказиш ва қиймат яратиш билан боғлиқ жараёнлар бирлашмаси. У реклама, савдо ёки ижтимоий тармоқлардан кўра анча кенгроқ тушунчадир.

Маркетинг ва реклама ўртасидаги фарқ нима?

Реклама маркетингнинг бир қисми. Маркетинг эса маҳсулот, нарх, тарқатиш, коммуникация, аудитория ва мижоз тажрибаси каби бир нечта йўналишларни қамраб олади.

Кичик бизнесга ҳам маркетинг керакми?

Ҳа. Кичик бизнесда маркетинг ҳатто янада амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин, чунки чекланган ресурсларни қайси мижозга ва қайси канал орқали йўналтириш масаласи муҳим. Бунда катта кампаниялардан кўра, аниқ аудитория ва тушунарли таклифдан бошлаш мумкин.

Маркетингни бошлаш учун катта бюджет керакми?

Ҳар доим ҳам эмас. Маркетинг тадқиқоти, мижоз билан суҳбатлар, фойдали контент, SEO ва мавжуд мижозлар билан ишлаш каби айрим фаолиятлар катта реклама бюджетини талаб қилмаслиги мумкин. Пуллик реклама эса мақсад, аудитория, рақобат ва каналга қараб турли харажатларни талаб қилади.

Диджитал маркетинг маркетингнинг ўрнини босадими?

Йўқ. Диджитал маркетинг — маркетингнинг рақамли каналлар ва воситалар орқали амалга ошириладиган қисми. Маркетинг стратегияси эса рақамли каналлардан ташқари маҳсулот, нарх, савдо, тарқатиш ва мижоз тажрибасини ҳам қамраб олиши мумкин.

Маркетинг натижасини қандай ўлчаш мумкин?

Бу мақсадга боғлиқ. Сотувга йўналтирилган кампания учун харидлар, тушум, CPA ёки ROAS каби кўрсаткичлар муҳим бўлиши мумкин. Бренд хабардорлигида эса reach, брандед search ёки бошқа awareness кўрсаткичлари кўпроқ аҳамият касб этиши мумкин.

Яхши маркетинг маҳсулот ёмон бўлса ҳам уни сотадими?

Маркетинг маҳсулотдаги муаммони узоқ муддатга “яшириб” қўя олмайди. Кучли реклама одамни жалб қилиши мумкин, лекин маҳсулот кутилган қийматни бермаса, қайта харид, тавсия ва брендга ишонч билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шу сабабли маркетинг маҳсулотнинг ўрнини босмайди; унинг қийматини тўғри тушунтириш ва керакли мижозга етказишга хизмат қилади.

Маркетингни тушуниш учун уни фақат реклама панели, постлар ёки баннерлар орқали кўрмаслик керак. Унинг марказида мижоз ва қиймат туради.

Яхши маркетингнинг саволи “Қандай қилиб кўпроқ реклама қиламиз?” эмас, кўпинча “Мижозга қандай қиймат берамиз ва буни унга қандай аниқ тушунтирамиз?” бўлади.

Маҳсулот тўғри бўлса, аудитория аниқ танланса, таклиф тушунарли бўлса ва натижалар мунтазам ўлчанса, маркетинг алоҳида реклама кампаниялари йиғиндисидан бизнесни ривожлантириш тизимига айланади.

Агар бизнесингиз учун маркетинг стратегияси, реклама ёки рақамли каналларни қандай йўлга қўйиш масаласида амалий ёрдам керак бўлса, форма тўлдиринг — вазифангизни кўриб чиқиб, сизга мос ишлаш йўналишини бирга белгилаймиз.

#маркетинг#реклама
Постни улашинг

Маркетинг12 дақиқа ўқиш

ГТА 6 қандай қилиб бутун дунёни ўзи ҳақида гапиртирди?

Rockstar GTA 6 чиқишидан олдин 32,5 миллион нусха сотди, биринчи кунда эса савдо ҳажми 3,79 миллиард долларга етди. Бу натижага маркетинг орқали қандай эришилганини ва бизнеслар нимани ўрганиши мумкинлигини таҳлил қиламиз.

Батафсил ўқиш →
Маркетинг15 дақиқа ўқиш

Маркетинг стратегияси ва маркетинг режаси: нима ва қандай тузилади?

Маркетинг стратегияси бизнес қаерга ва қандай боришини белгилайди. Маркетинг режаси эса бунинг учун бажариладиган ишларни кўрсатади. Ушбу мақолада иккаласини амалий мисоллар билан кўриб чиқамиз.

Батафсил ўқиш →